Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётлар топширилди
26 июнь куни Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқларига оид янги нашрлар топширилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу маърифий тадбирда вилоят ахборот-кутубхона маркази жамоаси, китобхонлар, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида Марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев кутубхонада ташкил этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар бурчаги фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, кутубхона фондидаги тарихий ва маърифий аҳамиятга эга ноёб адабиётлар ҳамда нодир қўлёзма манбалар кўздан кечирилди. Мазкур маскан нафақат ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишда, балки миллий адабиёт ва маданий мерос асраб-авайлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида эътироф этилди.
Кутубхона фондига топширилган янги нашрларда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, бола ҳуқуқлари, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ислоҳотлар ҳамда инсон манфаатларини таъминлашга оид қатор долзарб масалалар қамраб олинган. Мазкур адабиётлар нафақат китобхонлар, балки илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар учун ҳам муҳим илмий-манбавий асос бўлиб хизмат қилади. Хусусан, тадқиқотчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг сўнгги илмий янгиликлардан хабардор бўлиши, илмий изланишларини янада такомиллаштириши ва амалий фаолиятида самарали фойдаланиши учун кенг имконият яратади.
Тадбир якунида янги нашр этилган китоб ва журналлар тўплами вилоят ахборот-кутубхона марказидаги “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бурчаги” фондини янада бойитиш мақсадида тантанали равишда топширилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу маърифий бурчак айнан Миллий марказ ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда китобхонлар учун муҳим ахборот ва маърифат масканига айланган.
Андижон вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова тақдим этилган қимматли адабиётлар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзи раҳбарлик қилаётган муассаса билан Миллий марказ ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик изчил давом этаётганини қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский