Фарғона шаҳрида профилактика инспекторлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ўз ишини бошлади
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун тизимли асосда ташкил этилаётган семинар-тренинглар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнь куни ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилмоқда.
Юртимиздаги 9 мингга яқин маҳаллада хизмат қилаётган 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарур.
2 июль куни Фарғона шаҳрида маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги икки кунлик ўқув семинари очилишида даставвал шу ҳақда сўз борди.
Ички ишлар органлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирда вилоятдаги 10 та тумандан соҳанинг 150 нафардан ортиқ вакили иштирок этмоқда. Ўқув машғулотларида асосий эътибор профилактика инспекторларининг ҳуқуқий билимларини бойитиш, халқаро ҳуқуқий нормалар ва миллий қонунчиликдаги ўзгаришларни амалий фаолиятда тўғри қўллаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилмоқда.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев ва Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ёрқинбек Пирматов очиб берди.
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган масалалар юзасидан атрофлича сўз юритилди. Мамлакатимизда 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифаларга тўхталинди.
Маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги таъкидланди. Шу жумладан “Рақамли маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаатларни сунъий интеллект ёрдамида саралаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш тизимининг жорий этилиши катта аҳамиятга эга экани уқтирилди.
Тадбирга Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи Дилором Худойберганова модераторлик қилди. Очилиш маросимида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинганига эътибор қаратилди. Айни семинар-тренинг ана шу ҳужжат талабларини изчил бажариш йўлида ташкил этилгани таъкидланди.
Тадбир давомида М. Тиллабоев “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва механизмлар” мавзусида маъруза қилар экан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари ва махсус тартиб-таомиллари билан ҳамкорлик қилишнинг амалий аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни миллий ҳуқуқий тизими ва амалиётга жорий қилиш масалалари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир жараёнида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий ва самарали ёндашувлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари тавсияларини бажариш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар-тренинг доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари юзасидан яна бир қатор кенг қамровли маърузалар тингланди.
Хусусан, Тошкент давлат юридик университети профессори Феруза Муҳитдинова “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш — давлат ва жамиятнинг олий бурчи” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи инсон шаънини улуғлаш нафақат ҳуқуқий, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам жамият тараққиётининг асосий мезони эканлигига урғу берди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти, подполковник Умид Фозилов “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди. Бунда мазкур соҳада давлат органлари ва жамоатчилик институтлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигига қайд этилди.
Семинар ишида махсус субъектлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари таҳлили ҳам марказий ўринда турибди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда БМТ Конвенцияси нормаларининг профилактика инспекторлари кундалик фаолиятидаги амалий аҳамиятини ёритиб берди.
Ушбу семинар-тренинг иштирокчилар учун амалий фаолиятдаги муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш ва тажриба алмашиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади. Тадбир якунида энг фаол 7 нафар профилактика инспектори махсус сертификатлар билан тақдирланди ҳамда иштирокчилар учун махсус ўқув қўлланмалари тарқатилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский