Фарғона вилояти: профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ниҳоясига етди
3 июлда ички ишлар органлари профилактика инспекторлари учун Қўқон шаҳрида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини якунлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбир ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Семинар-тренингда Фарғона вилояти туманларидан ташриф буюрган 150 нафардан ортиқ профилактика инспектори иштирок этди. Улар соҳадаги халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик нормаларини амалиётда қўллаш бўйича малака оширди.
Иштирокчилар инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги замонавий ёндашувлар ва маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлашда профилактика инспекторларининг ўрни хусусида фикр алмашдилар.
Семинар-тренингнинг иккинчи куни иштирокчилар учун назарий билимларни бойитиш ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган қатор маърузалар ташкил этилди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва механизмларга оид маълумотлар тушунтирилди.
Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Феруза Муҳитдинова “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш — давлат ва жамиятнинг олий бурчи” мавзусидаги маърузаси билан тадбир мазмунини янада бойитди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Умид Фозилов “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар” мавзусига тўхталган бўлса, Миллий марказ бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг профилактика инспекторлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзусида батафсил маълумотлар берди.
Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 29 июнь куни ўтказилган, профилактика инспекторлари фаолиятини тубдан яхшилаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси билан узвий боғлиқ тарзда ташкил этилди. Давлат раҳбари профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш жараёнига хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби замонавий йўналишларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир якунида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар билан ишлашда юқори натижаларга эришган 10 нафар профилактика инспектори Миллий марказнинг фахрий ёрлиқлари ва ҳуқуқий адабиётлар тўплами билан тақдирланди.
Ушбу семинар профилактика инспекторларининг нафақат ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, балки аҳоли билан ишончли мулоқот ўрнатиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор ва сифатли муносабат билдириш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида,а мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарали ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский