Қашқадарёда инсон ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ўтказилди

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилаётган семинар-тренингларга ана шу профилактика инспекторлари таркибини имкон қадар тўлиқ қамраб олиш учун тизимли асосда иш олиб борилмоқда.

6-7 июль кунлари Қарши шаҳрида Қашқадарё вилоятининг маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун худди шундай икки кунлик ўқув семинари ташкил этилди. Машғулотлар “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига бағишланди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов ва Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоилов очиб берди. Даставвал, ушбу ўқув семинари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилаётганига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.

Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи Дилором Худойберганова тадбирга модераторлик қилар экан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинганини эътироф этди. Айни семинар-тренинг ана шу ҳужжат талабларини изчил бажариш йўлида ташкил этилгани қайд этилди.

Ўқув машғулотларида асосий эътибор профилактика инспекторларининг ҳуқуқий билимларини бойитиш, халқаро ҳуқуқий нормалар ва миллий қонунчиликдаги ўзгаришларни амалий фаолиятда тўғри қўллаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган масалаларнинг моҳияти ва аҳамияти атрофлича таҳлил  этилди.

Шунингдек, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган жорий йилда маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Айни жараёнда маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Машғулотлар давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси, профессор Илҳом Турғунов, Миллий марказ етакчи мутахассиси Аббосбек Набиев, Тошкент давлат юридик университети профессори Феруза Муҳитдинова, Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг Қашқадарё вилояти бўйича минтақавий вакили Даврон Шодмонов, Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Умид  Фозилов ва бошқа маърузачиларнинг чиқишлари тингланди.

Маърузаларда асосан “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш – давлат ва жамиятнинг олий бурчи”, “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”, “Гендер тенглик. Хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва уларнинг миллий даражадаги имплементацияси”, “Халқаро стандартлар. Дунё бўйлаб ҳамкорлик, сифат ва хавфсизлик учун умумий меъёрлар”, “Ногиронлар ва ёшлар ҳуқуқлари ҳамда соҳадаги халқаро стандартлар” , “Ички ишлар органлари профилактика инспекторларида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш”,  “Қийноқларга қарши конвенция ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” каби долзарб мавзулар теран очиб берилди.

Тадбир доирасида профилактика инспекторларидан бир гуруҳига намунали хизматлари учун фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech