Зарафшонда инсон ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ўтказилди

13 июль куни Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида ички ишлар органлари маҳалла профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. Машғулотлар "Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик" мавзусига бағишланди.

Семинар-тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ички ишлар вазирлиги ва ушбу  вазирлик Академияси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида ташкил этилди.

Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнь куни ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилди.  Бунда асосий эътибор профилактика инспекторларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолияти, шунингдек, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнида инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларини оширишга қаратилди.

Халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислар, олимлар ҳамда экспертларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди. Жумладан,  Миллий марказ вакиллари Ф. Ҳайитбоев ва С. Бозоров тингловчиларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар, жумладан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий мазмуни, мазкур халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши борасидаги ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мулоқотлар асносида таъкидланганидек, профилактика инспекторлари фуқаролар билан бевосита мулоқотда бўладиган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда биринчи бўғин ҳисобланади. Шу боис уларнинг халқаро ҳуқуқий стандартлар, шахсга йўналтирилган ёндашув ва камситишга йўл қўймаслик тамойиллари бўйича билимларини мунтазам равишда ошириб бориш давр талабидир.

Семинар-тренинг давомида иштирокчилар билан амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Яъни, ҳаётий вазиятлар мисолида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар билан ишлашда инсон ҳуқуқларига риоя этиш, шунингдек, осонлик билан тушуниладиган тил ва ёндашувлардан фойдаланиш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир якунида савол-жавоблар учун ҳам имконият яратилди. Тренинг иштирокчиларига мавзуга оид методик қўлланмалар тарқатилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech