Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва ҳуқуқий нашрлар билан ҳамкорлик истиқболлари

15 июль куни пойтахтимиздаги Инсон  ҳуқуқлари уйида шу мавзуда маърифий-ҳуқуқий тадбир бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ҳаёт ва қонун” журнали таҳририяти билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланди.

Миллий марказ директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.  Ушбу ҳужжат билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган концепция ва дастур тасдиқлангани ҳамда шу асосда мамлакатимиз бўйлаб турли тадбирлар ўтказилаётгани қайд этилди.

Қарорда таъкидланганидек, “Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда”.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги миллий давлатчилигимиз тарихи, ҳозирги ва келажак ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятга молик. Шу маънода, ушбу улуғвор сана билан боғлиқ тадбирлар Янги Ўзбекистоннинг улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб тарзда нишонланишига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

А. Саидов жорий тадбирнинг асосий мавзусига тўхталиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва ҳуқуқий тарғибот масалалари алоҳида ўрин тутишини билдирди. Бу борада иккита янги далил ва рақамлар келтирилди.

Биринчидан, шу кунларда Миллий марказ ташаббуси билан ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун тизимли семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ушбу машғулотлар билан мамлакатимиздаги 9 мингга яқин маҳаллада хизмат қилаётган 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторидан иборат кенг таркибни имкон қадар тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган.

Иккинчидан, 2026 йилнинг биринчи ярмида Миллий марказ фаолияти билан боғлиқ 2 минг 228 та ахборот расмий сайтга жойлаштирилди. Ушбу ахборотлар оммавий ахборот воситаларида ҳам уч тилда мунтазам ёритиб борилди.

Бугунги кунда Миллий марказ муассислиги ва ҳаммуассислигида иккита юридик даврий нашр – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” ҳамда “Ижтимоий фикр ва инсон ҳуқуқлари” журналлари нашр этилмоқда. Эндиликда Миллий марказнинг “Ҳуқуқ ва бурч”, “Одил судлов” каби журналлар, шунингдек, “Куч – адолатда”, “Ҳуқуқ”, “Постда” газеталари тимсолидаги доимий ҳамкорлари сафи янги юридик нашр – “Ҳаёт ва қонун” журнали ҳисобига кенгаядиган бўлди.

Анжуман доирасида “Ҳаёт ва қонун” журнали янги сонининг тақдимоти ўтказилди. Инсон  ҳуқуқлари уйига журнал ва китоблар совға қилинди.

Тақдимотда “Ҳаёт ва қонун” масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари Сирожиддин Рустамов Миллий марказ билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, “Ҳаёт ва қонун” журнали бош муҳаррири Маҳмудхон Тоиров мазкур даврий нашр саҳифаларида ёритилаётган муҳим ҳуқуқий мавзулар хусусида маълумот берди.

Шундан сўнг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан “Ҳаёт ва қонун” журнали таҳририяти ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлди. Меморандумни Миллий марказ директори А. Саидов билан  “Ҳаёт ва қонун” МЧЖ раҳбари С. Рустамов имзолади.

Ушбу тадбир «Мустақил Ўзбекистон — ғурурим, ифтихорим» мавзусидаги мушоирага уланиб кетди. “Ҳаёт ва қонун” журналининг ижодий ходимлари – таниқли шоир ва таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор  Мўминов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Сурайё Аҳмедова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шукуржон Жабборова (Жозиба) ўқиган шеърларда Истиқлол, Ватан ва бунёдкор халқимиз мадҳ этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech