Навоий вилоятида профилактика инспекторлари учун икки кунлик семинар-тренинг якунланди
14 июль куни Навоий шаҳрида "Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик" мавзусидаги семинар-тренингнинг иккинчи куни машғулотлари бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, биринчи кун машғулотлари Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида ички ишлар органлари маҳалла профилактика инспекторлари учун ўтказилганди.
Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 3 мартдаги қарори ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Бунда асосий эътибор профилактика инспекторларининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик жараёнида инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартномалар, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция каби ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ушбу халқаро шартномалардан келиб чиқадиган давлат мажбуриятлари ҳамда айни стандартларнинг миллий қонунчиликка изчил татбиқ этилиши борасидаги ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Семинар-тренинг доирасида ташкил этилган амалий машғулотларда ҳаётий вазиятлар мисолида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар билан мулоқотда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ҳамда шахсга йўналтирилган, тушунарли ёндашувлардан фойдаланиш борасида қизғин фикр алмашинувлар бўлиб ўтди.
Икки кунлик семинар-тренингда жами 250 нафар профилактика инспектори иштирок этди. Улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, камситишга йўл қўймаслик тамойиллари ва фуқаролар билан ишлашнинг замонавий усуллари бўйича ўз билим ва кўникмаларини бойитди.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский