Президент Шавкат Мирзиёев: Маҳалла – одамлар учун чинакам “ишонч, таянч ва имкониятлар маркази” бўлиши зарур

16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлди. Давлатимиз раҳбари бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.

Маҳаллаларга ресурс берилди, энди натижа ва масъулият талаб қилинади. Таҳлиллар айрим маҳаллаларда муаммолар вақтида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари орқали 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Президентимиз 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаганини танқид қилди. Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти.

Ачинарлиси, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаган. 883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган.

Шунинг учун йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилди.

Маҳаллаларда солиқ тушумлари, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга саволлар қўйилди. Давлатимиз раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам “ишонч, таянч ва имкониятлар маркази” бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Маҳалла раисларига бериладиган янги ваколатлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Бунинг натижасида маҳаллаларда ташаббус, лойиҳа ва натижа талаби кучаяди.

Жумладан, ҳар бир маҳалладаги ташаббускор лойиҳага 10 миллион сўмгача грант ажратилади. Маҳалла банкирлари фаолияти янги тизим асосида ташкил этилади. Оилавий ташаббускорлик ва маҳалла лойиҳаларига янги имкониятлар яратилади. Маҳаллалар бюджети сезиларли даражада оширилади, яъни энг фаол маҳаллалар 2 миллиард сўм билан рағбатлантирилади.

Президентимиз маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарурлигини уқтирди. Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилиги”га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Агар 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, ҳудудлардаги муҳит сезиларли ўзгаради.

Маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шарт. Бунинг учун у ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради. Раис “еттилик” аъзоларига аниқ вазифа қўйиб, улардан сўров қилиб боради.

Шунингдек, “еттилик” фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги муаммоларга илмий ёндашиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. У “еттилик”ни ўқитади, маҳаллалардаги долзарб масалаларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.

Мамлакатимизда 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган. Шу асосда барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси, аввало, маҳаллада ва одамларнинг кайфиятида намоён бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинди.

Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этилиши керак. Ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади, деди Президентимиз.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech