Тез орада ногиронликни эрта аниқлаш ва бошқа шу каби 25 турдаги давлат хизматлари маҳаллада ҳал этиладиган бўлади

16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

Мажлисда маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар кўламини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди.

Оқибатда эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. 184 та маҳаллада бир ой ичида келган 2 минг аризанинг барчаси асоссиз рад қилинган. Шу сабабли реестрга кириш масаласида Президентга мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробар ошиб, 30 мингдан 46 мингга кўпайган.

Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддилар олдига йил якунигача ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш, ижтимоий уйга жойлаштириш каби 25 турдаги хизматни маҳаллага тушириш вазифаси қўйилди. Уч ойда деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати ҳамда “Мадад” уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури, шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун “Қўллаб-қувватлаш марказ”лари ташкил этилади.

Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмади.

Бунга видеокамералар ўрнатилиб, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилингани, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилгани, оилаларга психологик ёрдам кўрсатилгани натижасида эришилди.

Эндиликда жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.

Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари маҳаллаларни ривожлантириш, одамлар турмуш шароитини яхшилаш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар муҳокама қилинганини таъкидлади. Бундай эзгу ишлар орқали маҳаллада меҳр-оқибат, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, огоҳлик ва соғлом муҳит шаклланиши қайд этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech