Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг парламент ролига оид яна бир резолюцияси қабул қилинди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси 2026 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган "Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги резолюцияни қабул қилди.

Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларини ифодаловчи БМТга аъзо 61 давлат ҳаммуаллиф бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди.

Резолюция муҳокамаси чоғида Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов мазкур ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан таклиф қилинганини, жумладан бу глобал ижтимоий ривожланиш кун тартибини илгари суришга ҳамда халқаро ҳамкорликнинг парламент мезонини мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг ҳиссаси бўлганини таъкидлади.

Резолюцияда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш, сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва ижтимоий интеграцияни қўллаб-қувватлаш орқали парламентларнинг асосий ролига урғу берилади. Ҳужжатда алоҳида эътибор хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини ошириш, ижтимоий ривожланиш учун рақамли трансформация имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўтказилгани ҳамда ижтимоий ривожланиш ва ижтимоий адолат йўлида парламент ҳаракати тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилингани ҳам эътироф этилган.

Ҳужжатда БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларига, жумладан, ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлаш, миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнига парламентларни янада фаол жалб этишга чақирилади.

Бундан ташқари, резолюцияда БМТнинг йирик тадбирларида парламент аъзоларининг иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги тараққиётни баҳолаш самарадорлигини ошириш учун миллий статистика тизимларини такомиллаштириш тавсия этилади.

Ҳужжат қабул қилинишидан аввал Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан кенг кўламли сиёсий-дипломатик ишлар олиб борилди.

Музокаралар жараёнида бир қатор расмий маслаҳатлашувлар, шунингдек, кўплаб икки томонлама музокаралар ўтказилди. Бу эса БМТ ҳужжатларининг универсаллиги тамойилларига жавоб берадиган ва барча аъзо давлатларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган мувозанатли матнни келишиб олишга имкон берди.

Резолюциянинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўз борганда, ушбу ҳужжатда глобал миқёсда ижтимоий адолатни таъминлаш ва жамиятни ривожлантиришда парламентлар зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юклатилаётганига эътибор қаратиш даркор. Бу ўринда, хусусан, дунё парламентлари:

  • камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш;

  • муносиб бандликни таъминлаш ҳамда сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;

  • хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги, қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш;

  • рақамли трансформация имкониятларидан ижтимоий соҳаларни ривожлантириш йўлида самарали фойдаланиш соҳаларига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, парламент назоратини кучайтириш мақсадида БМТга аъзо давлатларга қуйидаги ташкилий чораларни кўриш, яъни:

  • миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш;

  • БРМга эришиш бўйича Ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлашга парламент аъзоларини фаол жалб этиш;

  • фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

  • ижтимоий ривожланишни тўғри баҳолаш учун миллий статистика тизимларини такомиллаштириш тавсия этилмоқда.

 

Маълумот учун: Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг парламент ролига оид биринчи ташаббуси эмас. Бундан аввал, 2022 йил 14 декабрда ҳам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги махсус резолюция қабул қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.07.2026 Ko'rishlar 59
Ulashish