Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Тошкентда “Умуммиллий бирдамлик — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

2026 йил 30 июль куни Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида “Умуммиллий бирдамлик — Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ташаббуси билан ташкил этилиб, унда олимлар, экспертлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, миллий маданий марказлар ҳамда конфессиялар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирнинг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Х. Султонов сўзга чиқиб, Давлат раҳбарининг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди. Мурожаатда умуммиллий бирдамлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили сифатида алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, мамлакат равнақига ҳисса қўшаётгани юксак қадрланди.

Кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилгани қайд этилди. Бу борада 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Конференциянинг кириш қисмида бир қатор расмий шахслар табрик ва кириш сўзлари билан иштирок этди: Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси

К. Сариев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори А. Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси У. Шерматов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси С. Тошбоев ва Ислом цивилизацияси маркази директори Ф. Абдухолиқов.

Кириш сўзи билан иштирок этган А. Саидов ўз нутқида конференция иштирокчиларини 30 июль — Халқлар дўстлиги куни билан табриклади ҳамда форумни ташкил этган қўмита ва ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдирди. У мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарвар ғоялар, жумладан “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойили ҳамда Конституциянинг 8-моддасида мустаҳкамланган “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади” деган нормага тўхталди. Маърузачи Президентнинг Наврўз ва 9 май муносабати билан билдирган мурожаатларидан иқтибослар келтириб, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликнинг мамлакат барқарорлиги учун аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

А.Саидов шунингдек, 2023 йилги янги таҳрирдаги Конституцияда ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилларининг конституциявий мақомга кўтарилгани, Ўзбекистоннинг БМТ структуралари билан ҳамкорлиги, жумладан жорий йилнинг апрель ойида Женевада БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасида мамлакат ҳисоботининг юқори баҳоланганини алоҳида қайд этди.

Очилиш қисми доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимидан сўнг конференция иши учта йўналиш — шўбалар бўйича давом этди. Биринчи шўбада “Янги Ўзбекистонда умуммиллий бирдамлик ҳамда миллатлараро тотувликнинг мустаҳкамланиши” мавзусида илм-фан, тарихий мерос ва бағрикенглик масалаларига оид маърузалар тингланди. Иккинчи шўбада “Халқ дипломатиясининг ташқи сиёсатдаги ўрни ва ватандошлар билан ҳамкорлик муносабатлари” мавзуси муҳокама қилиниб, рақамли дунёда миллатлараро тотувлик, биродар шаҳарлар алоқалари ҳамда вакиллик демократияси масалаларига тўхталинди. Учинчи шўба “Миллатлараро тотувлик ва дўстлик: янги давр ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги мунозарага бағишланиб, унда туркман, корейс, рус, озарбайжон, немис, арман ва грек миллий маданий марказлари раҳбарлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Конференция давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан конституциявий-ҳуқуқий асослар, институционал механизмлар, таълим ва тарбия соҳасидаги ютуқлар, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги фаол ҳамкорлиги каби мавзулар ҳар томонлама ёритилди. Иштирокчилар умумий фикрга кўра, Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик нафақат тарихий мерос, балки мамлакат келажаги учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қадрият эканлигини таъкидладилар. Ҳар бир шўба якунида савол-жавоб ва хулосавий муҳокамалар ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 30.07.2026 Ko'rishlar 31
Ulashish