Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Бундан 5 йил аввал, 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан, ушбу сана Ўзбекистонда – Халқлар дўстлиги куни, деб белгиланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу байрамнинг таъсис этилиши халқимизнинг айни кўнглидаги орзу-ниятнинг амалий ифодаси бўлди.

Жорий йилда ушбу байрамлар Янги Ўзбекистонда янада улкан кўламда, юқори савияда ва кўтаринки руҳда нишонланди. Президент Шавкат Мирзиёев Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллаб, юртимиздаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити энг катта бойлик эканини алоҳида қайд этди.

 Табрикда таъкидланганидек, “Ҳеч қачон унутмайлик, халқлар дўстлиги бу – муқаддас инсоний қадрият, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт гаровидир. Бугунги кунда барчамиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг бахти, жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдири ва келажаги учун ягона халқ, ягона жамият бўлиб ҳаракат қилаётган эканмиз, юксак мақсадларимизга албатта етамиз”.

 Давлатимиз раҳбари эътибор қаратган айрим далил ва рақамларга тўхталиш айни муддаодир. Яъни:

  • бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда;

  • бу борада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси фаолиятимиз самарасини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда;

  • кейинги йилларда кўркам биноларда фаолият юритаётган 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди;

  • юртимиздаги таълим муассасаларида ўқув жараёнлари етти тилда олиб борилмоқда;

  • қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарслик ва адабиётлар билан таъминланмоқда;

  • телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда;

  • 14 тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда;

  • давлат хизмати, фан, маданият ва спорт соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб 2 мингга яқин фуқаро юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Сўнгги йилларда чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ушбу йўналишда чора-тадбирлар дастури амалга оширилаётгани жуда муҳим.

Буларнинг барчаси мамлакатдаги ислоҳотлар «Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда» деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганидан далолат беради. Бинобарин, Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга мамлакат, лекин энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.

Юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилма-хиллик ноёб ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Шу ғоят муҳим омилга таянган ҳолда, кейинги йилларда Янги Ўзбекистон инсон қадри ва бахти улуғланадиган том маънодаги тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бормоқда.

Янада эътиборлиси, минтақамиздаги қардош давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилиб, дунё сиёсатида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора ва воқелик пайдо бўлди. Ўтган йили Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон чегаралари ўзаро туташган нуқтада “Дўстлик” стеласи очилгани минтақамиз халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганидан яна бир ёрқин далолатдир.

Жорий йилнинг айни байрам кунлари Ўзбекистон Президентининг қўшни ва қардош Қозоғистон ҳамда Қирғизистон давлатларига олий даражадаги ташрифлари амалга оширилгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ташрифлар Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Янги Ўзбекистонда 23–31 июль кунлари ўтказилган «Дўстлик фестивали» доирасидаги ранг-баранг ва кенг кўламли маданий-маърифий тадбирларга ниҳоятда бой бўлди. Миллатлараро муносабатлар қўмитаси, маданий марказлар фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида мамлакатимиз бўйлаб илмий-амалий конференциялар, бадиий кўргазмалар, миллий либослар намойишлари ва таниқли ижодкорлар иштирокида ижодий мулоқотлар бўлиб ўтди.

Миллий марказ вакиллари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этди. Жумладан, манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда “Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов айни халқаро анжуман очилишида сўзлаган нутқида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, динлараро, маданиятлараро ҳамжиҳатликни асраш Ўзбекистонда бугун эмас, балки асрлар давомида шаклланган анъана саналишини қайд этди. Янгиланиш йўлидан дадил бораётган Ўзбекистонимизда умуммиллий бирдамликнинг ҳуқуқий асослари кўплаб ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгиланган. Буларнинг бари Ўзбекистон олиб бораётган сиёсатнинг юксак инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларига асосланишини ифодалайди. Ватанимизнинг бу борадаги тажрибаси жаҳон мамлакатлари учун ибратдир, деди академик А. Саидов.

Халқаро илмий-амалий конференция доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми тасдиқланди. Миллий марказ директори Акмал Саидов ва Қўмита раиси Қаҳрамон Сариев имзолаган ушбу Меморандум миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, маънавий-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини ўрганиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда Тошкентдаги «Миллий маданият марказлари павильони» ҳамда «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Бағрикенглик боғи» –мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни ифодаловчи икки муҳим рамзий маскан эканлигига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Чунки ҳар иккала маскан ҳам кўп миллатли Ўзбекистон жамиятининг жипслиги ва бағрикенглигини тарғиб қилувчи энг янги диққатга сазовор жойлардандир.

Хусусан, Миллий маданият марказлари павильони –пойтахтимизда миллатлараро ўзаро маданий алмашинув майдони ва умуммиллий ҳамжиҳатлик рамзи сифатида барпо этилган замонавий мажмуадир. У Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси ва «Дўстлик» боғига яқин ҳудудда жойлашган.

Бу ерда юртимизда фаолият юритаётган миллий маданият марказлари учун икки қаватли махсус бинолар (павильонлар) қурилган бўлиб, ҳар бир бино тегишли миллатнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва миллий анъаналарини акс эттиради. Бу маскан турли маданий тадбирлар, «Умуммиллий тотувлик» фестиваллари ва кўргазмаларга мезбонлик қилувчи муҳим ижтимоий майдон ҳисобланади.

Ўз навбатида, «Янги Ўзбекистон» мажмуасидаги «Бағрикенглик боғи» диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамкорликни намойиш этувчи ўзига хос экологик-маънавий лойиҳа ҳисобланади. Боғ Ўзбекистонда фаолият юритаётган 16 та диний конфессия ва миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида ташкил этилган.

Мазкур масканда турли дин вакиллари қўлни қўлга бериб ва аҳил оила бўлиб, ноёб дарахт кўчатлари эккан. Бу ер юртимиздаги тинчлик, диний бағрикенглик ва табиатни асраш ғояларини ўзида бирлаштиради.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда ушбу муҳим санага асос солингани ва изчил равишда кенг нишонланаётгани замирида Президентимизнинг тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик, виждон эркинлигини таъминлаш, тили, миллати ва эътиқодидан қатъи назар, барча фуқароларга муносиб, фаровон турмуш тарзини яратиб беришдек улуғвор сиёсати мужассам. Бу сана Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

Ғулом МИРЗО

Nashr sanasi 31.07.2026 Ko'rishlar 13
Ulashish