Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БРИФИНГ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2026 йил 1-ярим йилида амалга оширган ишлари юзасидан

Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган қатор нуфузли тадбирлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги фаол позициясини яққол намоён этди.

Жумладан, 14 май куни Тошкент шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди. Юз нафар миллий ва хорижий иштирокчи қатнашган ушбу йирик тадбир минтақа экспертларини ягона мулоқот майдонида бирлаштирди.

Форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга оширишга оид давлат дастурида Миллий марказ олдига иккита стратегик вазифа қўйилди.

Булардан биринчиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини юқори савияда ташкил этиш. Айни пайтда Форумга тайёргарлик ишлари қизғин бормоқда.

Иккинчи асосий вазифа – “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Стратегия лойиҳаси ҳозирги вақтда кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Интернетдаги махсус порталга жойлаштирилди ва муҳокама жараёнлари давом этмоқда.

Ҳисобот даврида “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолати тўғрисида”ги ахборот ўзбек, рус, инглиз тилларида тайёрланди. Ахборот Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукуматга тақдим қилинди.

Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган инсон ҳуқуқлари бўйича 2 та Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинди. Бу борадаги ахборотлар ҳар чоракда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясига тақдим этилиши таъминланди.

Жорий йил биринчи ярмида БМТ устав ва шартномавий органлари сессияларида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги конвенция қоидалари бажарилиши бўйича 1 та миллий маъруза кўриб чиқилди.

Хусусан, 21-22 апрель кунлари Женева шаҳрида БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессияси бўлиб ўтди. Мамлакатимиз делегацияси иштирок этган ушбу сессияда БМТ Конвенцияси қоидаларининг бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижалар ошкора ва конструктив муҳокама қилинди.

 Миллий марказ халқаро ташкилотларнинг ҳамда ҳамкор хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларида тақдим этилган маълумотларга шарҳлар тайёрлаш ишини давом эттирди. Ушбу йўналишда 1 та шарҳ тайёрланди.

Ҳисобот даврида 3 та халқаро шартномани ратификация қилиш ва миллий қонунчиликка имплементация қилиш чора-тадбирлари кўрилди. Бу ўринда:

  • Европа Кенгашининг Болаларни жинсий эксплуатация қилиш ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси;

  • Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг хабар бериш тартибига оид Факультатив протоколи;

  • Туркиянинг нодавлат “Enstitu Sosyal” таҳлил маркази томонидан ишлаб чиқилган “Рақамли дунёда болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” ҳақида сўз бормоқда.

Ҳисобот даврида Миллий марказ ходимларининг АҚШ, Португалия, Швейцария, Хитой, Россия ва Озарбайжонга жами 9 та хорижий ташрифи амалга оширилди.

Миллий марказда 11 та халқаро делегация қабул қилинди. Мулоқотлар доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва институционал ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус тартиб-таомиллари доирасида Миллий марказга 72 та ҳужжат келиб тушди. Шулардан 60 таси бўйича жавоб хатлари тайёрланиб, тегишли махсус маърузачиларга тақдим этилди.

Бу борада, шунингдек, февраль ойида Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳолати бўйича махсус маърузачи Мери Лолор билан алоҳида онлайн учрашув ўтказилди.

Бундан ташқари, Миллий марказда 12 февралда бўлиб ўтган “БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳининг ваколати ва фаолияти” мавзусидаги семинарда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи раиси-маърузачиси Ганна Юдковская асосий маърузачи сифатида сўзга чиқди.

У ишчи гуруҳнинг ваколати, индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, шошилинч чоралар кўриш механизмлари, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик амалиёти ҳақида тушунтиришлар берди.

Ҳисобот даврида Миллий марказ “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор нормалари Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш юзасидан мурожаат тайёрлаб, Конституциявий судга юборди. Конституциявий суднинг 10 июндаги суд мажлисида ушбу нормалар Конституциянинг 29, 65 ва 141-моддаларига мувофиқ, деб топилди.

Миллий марказ томонидан ҳисобот даврида жами 49 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Шулардан 32 таси Қонун, 5 таси Президент Фармони, 6 таси Президент Қарори, 4 таси Вазирлар Маҳкамаси қарори, 2 таси Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаларидир. Ушбу лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича жами 92 та таклиф билдирилди.

Шу билан бирга, Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, халқаро мажбуриятларни бажариш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш мақсадида бир қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши таъминланди ва улар қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шулар жумласига киради.

Шу асосда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида мамлакат миқёсида – Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та семинар-тренинг ташкил этилди. Ушбу машғулотларда жойлардаги ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари – жами 5 минг 255 нафар тингловчи иштирок этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш” мавзусида ўқув курслари ўтказилди. Бу машғулотларда 4 та ҳудуддан жами 268 нафар суд, прокуратура ва ички ишлар тизими ходими қатнашди.

 “Инсон ҳуқуқлари уйи”да 30 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Жорий йилда БМТнинг бир нечта тарихий ҳужжатлари, хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганлигининг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 20 йиллиги кенг нишонланади.

Шу муносабат билан Миллий марказда тўртта алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва изчил бажарилмоқда.

Миллий даражада икки муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан қатор халқаро ва миллий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар ҳам жадал давом этмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Rasmiy axborot

Nashr sanasi 06.08.2026 Ko'rishlar 190
Ulashish