Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими кучайтирилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида қандай ишлар амалга оширилди?

Миллий марказ матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев шу ҳақда маълумот берди:

– Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида ўтказилган нуфузли халқаро тадбирлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги фаол позициясини яна бир бор намоён этди. Хусусан, 14 май куни Тошкент шаҳрида 100 нафар миллий ва хорижий эксперт иштирокида “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида Миллий марказ ҳамда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ Миллий марказ зиммасига икки муҳим вазифа юклатилди. Биринчиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини юқори савияда ташкил этиш бўлиб, айни пайтда унга тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда. Иккинчиси – “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишдир. Ҳозирда стратегия лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун махсус интернет порталига жойлаштирилган.

Ҳисобот даврида “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолати тўғрисида”ги ахборот ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланиб, Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари ҳамда Ҳукуматга тақдим этилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган икки миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мунтазам мониторинг қилиниб, натижалари ҳар чоракда Парламент комиссиясига тақдим этилди.

image_2026-08-06_16-08-39

БМТнинг устав ва шартномавий органлари билан ҳамкорлик доирасида мамлакатнинг бир миллий маърузаси кўриб чиқилди. Жумладан, 21-22 апрель кунлари Женева шаҳрида БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиб, мамлакатда Конвенция талабларини амалга ошириш бўйича эришилган натижалар муҳокама қилинди.

Миллий марказ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар ҳисоботларига ҳуқуқий шарҳлар тайёрлаш ишларини давом эттириб, ҳисобот даврида битта таҳлилий шарҳ ишлаб чиқди.

Учта халқаро ҳужжатни ратификация қилиш ва миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Улар қаторида Европа кенгашининг болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг хабар бериш тартибига оид факультатив протоколи ҳамда “Рақамли дунёда болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” лойиҳаси мавжуд.

image_2026-08-06_16-08-27

Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Миллий марказ ходимлари АҚШ, Португалия, Швейцария, Хитой, Россия ва Озарбайжонга жами тўққизта хизмат сафари билан борди. Шу билан бирга, Миллий марказда 11 хорижий делегация қабул қилиниб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва институционал ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус тартиб-таомиллари доирасида Миллий марказга 72 ҳужжат келиб тушди. Уларнинг 60 таси бўйича тегишли жавоблар тайёрланиб, махсус маърузачиларга юборилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари масаласи бўйича махсус маърузачи Мери Лолор билан онлайн учрашув ҳамда Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Ганна Юдковская иштирокида халқаро семинар ташкил этилди.

Ҳуқуқий экспертиза соҳасида Миллий марказ томонидан жами 49 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилди. Улар юзасидан 92 таклиф ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларини Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиниб, ушбу нормалар Конституция талабларига мувофиқ деб топилди.

Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори асосида Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш ишлари бошланди. Шу доирада республика бўйича 14 семинар-тренинг ўтказилиб, уларда 5 минг 255 нафар профилактика инспектори иштирок этди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш” мавзусидаги ўқув курсларида 268 нафар суд, прокуратура ва ички ишлар органлари ходими қатнашди.

30 апрель куни Миллий марказ ҳамда Одил судлов академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Жорий йилда БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид қатор тарихий ҳужжатлари юбилей саналари нишонланиши муносабати билан Миллий марказ томонидан тўртта алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан қатор халқаро ва миллий тадбирларни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда.

                                                           Н.Абдураимова, ЎзА

Nashr sanasi 07.08.2026 Ko'rishlar 89
Ulashish