Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БРИФИНГ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида 2026 йил 1-ярим йилида мурожаатлар билан ишлаш ҳолатининг мониторинги натижалари

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Миллий марказга 554 та мурожаат келиб тушди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 629 тани ташкил этган.

Мурожаатларнинг 518 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга юборилган бўлса, 124 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар тақдим этилди. Ушбу мурожаатлардан 36 таси аноним бўлганлиги сабабли қонунчиликка мувофиқ кўрмасдан қолдирилди.

Ҳисобот даврида, шунингдек, Миллий марказ қабулхонасида 342 нафар фуқаро қабул қилинди. Улардан 173 нафарининг ёзма мурожаатлари иш юритувига қаратилди, яна 169 нафар фуқарога жойида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

Мурожаатларнинг 33,3 фоизи фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 66,6 фоизи эса алоқа воситалари, асосан почта орқали келиб тушди.

Бундан ташқари, 17 та мурожаат Президент ва Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали, 38 таси Миллий марказнинг ўз Виртуал қабулхонаси орқали қайд этилди.

Мурожаатларнинг 54,4 фоизи эркаклар, 42,2 фоизи аёллар томонидан йўлланган. Яна 3,2 фоизи жамоавий мурожаатлардан иборат.

Ушбу мурожаатларнинг 85,3 фоизи – ариза, 14 фоизи – шикоят ва 0,5 фоизи – таклиф сифатида рўйхатга олинди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар қуйидагича, яъни:

  • Тошкент шаҳридан — 31,8 фоиз;

  • Тошкент вилоятидан — 15,2 фоиз;

  • Қашқадарё вилоятидан — 22,7 фоиз;

  • Бухоро вилоятидан — 7,5 фоиз;

  • Фарғона ва Наманган вилоятларидан – 5,2 фоиздан;

  • Самарқанд вилоятидан – 4,6 фоиз мурожаат келиб тушгани маълум бўлди.

Мурожаатлар мазмун жиҳатидан ҳам ўрганилди. Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг:

  • 45,1 фоизи – ижтимоий-иқтисодий;

  • 50,1 фоизи – шахсий;

  • 4,2 фоизи – сиёсий;

  • 0,3 фоизи – маданий ҳуқуқларга оиддир.

Ўз навбатида, Миллий марказга ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг:

  • 85 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига;

  • 112 таси – одил судловга оид ҳуқуқларга;

  • 76 таси – тергов органлари ходимлари хатти-ҳаракатларидан норозилик ҳолатларига;

  • 182 таси – турли давлат идоралари қарорларига;

  • 42 таси – муносиб турмуш кечириш талабига;

  • 21 таси суд қарорлари ижросига тааллуқлидир.

Миллий марказ томонидан турли давлат идораларига юборилган 149 та тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида 25 та мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди.

Яъни, бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди. Яна 124 та ҳолатда эса мурожаат эгаларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Олти ой давомида Миллий марказга телефон орқали мурожаат қилган 1 минг 342 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ҳисобот даврида сайёр қабуллар ҳам давом этди. Хусусан, 16–19 март кунлари Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Когон туманларида, 19–22 май кунлари Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Жумладан, Миллий марказ вакиллари Асакада 51 нафар, Шаҳрихонда 44 нафар, жами 95 нафар фуқаро билан учрашди. Улардан 26 нафари ижтимоий, 46 нафари иқтисодий ва 23 нафари турли масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Маълумки, Миллий марказ халқаро йўналишда индивидуал мурожаатлар билан ҳам иш олиб боради. Жорий йилнинг биринчи ярмида БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмлари доирасида келиб тушган 3 та индивидуал мурожаат кўриб чиқилди.

Бунда, даставвал, ҳар бир мурожаат бўйича тегишли вазирлик ва идоралардан маълумотлар олиниб, миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан таҳлил қилинди.  Шу асосда БМТнинг тегишли органларига Ўзбекистон Республикасининг расмий ҳуқуқий позицияси тайёрланди.

Ҳисобот даврида айни йўналишда муҳим институционал қадам ташланганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 февралдаги тегишли Фармони асосида БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари томонидан юбориладиган мурожаатлар ҳамда мулоҳазаларни кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилди.

Энг муҳими, мазкур Фармон билан давлат органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти кучайтирилди. Миллий марказнинг мувофиқлаштирувчи ваколатлари аниқ белгиланди ҳамда давлатнинг ягона ҳуқуқий позициясини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, халқаро инсон ҳуқуқлари механизмлари билан мулоқотни янада тизимли ташкил этиш, мурожаатларни белгиланган муддатларда ва сифатли кўриб чиқиш имконини бермоқда.

Айни чоғда, жорий амалиёт таҳлили айрим масалалар ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатди. Гап шундаки, баъзи ҳолларда давлат органларидан маълумотларни йиғиш учун муайян вақт талаб этилади. Боз устига, сўралган ахборот турли форматларда тақдим этилади. Бу эса ягона ҳуқуқий позицияни қисқа муддатларда тайёрлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Президент Фармони ижросини таъминлаш доирасида 2026 йил 11 июнда Миллий марказда Олий Мажлис палаталари аъзолари учун “БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламент иштирокини кенгайтириш” мавзусида семинар ўтказилди. Мазкур тадбир  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро Иттифоқ ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда депутатлар ва сенаторлар халқаро шартномаларга доир факультатив протоколлар ҳамда индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари билан яқиндан танишдилар. Ушбу ҳужжатларни ратификация қилишнинг Ўзбекистон учун ҳуқуқий ва институционал аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 10.08.2026 Ko'rishlar 64
Ulashish