Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

“КАНГЛУМ, БИР КУН КЕТАРМИЗ...”

(Шоир Икром Отамуродни хотирлаб)

          ... “Ватан – қадим дунёдир. Ватан – кангулда қат-қат” ...

... “Яқиндирсан савол қадар, Йироқдирсан жавоб қадар”...

... “Ёлғиз от елади. Бир нажот истаб”...

... “Ҳаёт – бор-йўқ овунчоқ, одам – овунчоқ қули” ...

... “Кўпкарида чопган от, сафдан чиқди, қариди” ...

... “Канглум, сендан бошқа менинг кимим бор”...

... “Сен – қадимий армон, мен – қадим армон” ...

... “Канглум ночор... Мен – бир ноламан” ...

... “Умидлар умидни қучади” ...

... “Офтобдан ёлқинланар мовий бир осмон узоқларда” ...

... “Бир кенглик бор кангулдай сарҳадсиз” ...

... “Термуламан мовийликка, излайман унинг бағридан бир нималар”...

 

Бу ёлқинли ва маҳзун мисралар Икром Отамурод шеърларидан. Ўша куни, 12 июль тушдан кейин эндигина қўлимга тегкан “Шарқ юлдузи” журналининг 2026 йилги 5-сонини варақлаб ўтирардим. Адабиёт намояндалари ва шеърият мухлислари орасида “Кангул одами” сифатида танилган машҳур шоиримизнинг салмоқли шеърий туркуми журналнинг илк саҳифаларида эълон қилинган экан.

Икром аканинг бу хушхабардан нечоғлик мамнунлигини кўз олдимга келтирар эканман, унга телефон қилгим ва шоирнинг қувончига шерик бўлгим келди. Аммо...

Шоир мен каби кўплаб мухлислари кангулларини соҳир шеърлари билан хушнуд этиш асносида бу фоний дунёни  тарк этиб, боқий дунёга сафар қилган эканлар...

 Одатда, шеърхонларнинг шоирлар билан танишуви икки хил бўлади. Биринчи ҳолатда шеърхон шоирнинг ижодидан хабардор бўлса-да, ўзи билан юзма-юз кўришишига макон ва замон омиллари монелик қилади. Иккинчи ҳолатда улар бир замон ва маконда яшагани туфайли шеърхон шоирнинг ҳаёт ва ижод йўлидан бевосита хабардор бўлиб, ҳаттоки у билан ўзаро мулоқот қилиш имкониятидан ҳам фойдаланади.

          Халқимизнинг истеъдодли шоири Икром Отамурод билан танишлигимиз ана шу иккинчи ҳолатга мос келади. Икром ака ХХ асрнинг 70-80-йилларида адабиёт майдонига қадам қўйган ижодкорлар авлодига мансуб эди. Ўтган 75 йиллик умри давомида таниқли шоир миллий шеъриятимизда ўзига хос ижод намуналари, қолаверса, ўнлаб достонлари билан шеърият мухлислари қалбини забт этиб улгурди.

          Икром Отамурод 1951 йили 5 май куни Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Касби қишлоғида таваллуд топган. Комилон қишлоғидаги ўрта мактабда ўқиган. Сўнгра 1969-1974 йилларда Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг) журналистика факультетида таҳсил олган. Университетни битиргач, 1975 йилдан токи умрининг охирига қадар битта идорада, яъни “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида узлуксиз ишлади.   

          Икром аканинг шарофати билан журнал таҳририятида катта адабий муҳит шаклланган. Ярим асрдан зиёд вақт давомида у юзлаб ёш шоирларга устозлик қилди, уларнинг китоблари ва шеърий туркумларини чоп этиш учун шахсий ташаббус ва амалий ёрдам кўрсатди.

          Шу маънода, Икром Отамуродниг миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги ижодий ва ижтимоий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирланганини қайд этиш муҳим, деб ўйлаймиз. У 1999 йили “Дўстлик” ордени, 2019 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланган.

          Юртимизнинг чекка қишлоғида туғилиб-ўсган бир йигитнинг ўтган даврда шундай забардаст шоир бўлиб камол топгани бежиз эмас. Бу, бир томондан, Яратган Эгам бандасининг қалбига сўз ишқини жо этгани шарофати бўлса, иккинчи томондан, истеъдод соҳиби ўзига берилган ана шу маънавий неъматни неча ўн йиллар давомида ҳалоллик билан парваришлагани самараси, учинчи томондан, шоирнинг киндик қони томган тупроқда хоки-поклари ётган азиз-авлиёлар руҳий мададкорлиги сабабли ҳамдир.

Икром Отамуроднинг ижодида она қишлоғи Касбига аталган шеърлар кўп. Мана, бу ҳақдаги бир шеъридан парча:

Бораман Касби, бораман бир кун,

бораман соғиниб-соғиниб.

Бораман руҳимда барг ёзган тўкин

гулларнинг тўкилган чоғири[1].

Касби узоқ ўтмишда Насаф, яъни ҳозирги Қаршидан ҳам катта шаҳар саналган. Буюк ипак йўли айнан шу юртдан ўтган. Мазкур ҳудудда ўнлаб карвонсаройлар ва сардобалар бўлган. Шу сабабли бу ерда маънавият ва иқтисодиёт ўзаро уйғунликда юксала борган.

Энг муҳими, Касби азалдан йирик қасабалардан ҳисоблангани, шаҳристони, работи, куҳандизи – мустаҳкам қалъаси бўлгани, маҳаллалари муҳофаза этилгани, карвонсаройлари тожирларга хизмат қилгани, бозори, масжидлари ишлаб тургани ушбу ҳудуднинг ўша давр руҳи билан гавжум ва жўшқин ҳаёт кечиришига йўл очган.

Бу, ўз навбатида, Касбида диний ва дунёвий илм-фаннинг ривож топиши, мазкур заминда улуғ алломалар, азиз авлиёлар етишиб чиқиши мисолида яққол кўзга ташланади. Шундай улуғ авлиёлардан бири Султон Мирҳайдар ота бўлиб, асл исмлари Хожа Шамсиддин ибн Шайх Жамолиддиндир.

Бугунги кунда Касбининг қадимги шаҳристонида жойлашган Султон Мирҳайдар ота номи билан аталадиган зиёратгоҳ Қашқадарёдаги энг йирик қадамжолардан ҳисобланади. Аслини олганда, Ҳазрат Султон Мирҳайдар ота меъморий ёдгорлик мажмуаси – нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги машҳур зиёратгоҳлардан бири.

Шу ўринда қарийб ўттиз йилдан буён касбиликлар каминага ишонч билдириб, парламент сайловларида депутат этиб сайлаб келганларини ҳам фахр-ифтихор, ҳам масъулият ҳисси билан таъкидламоқчиман. Мен ҳар гал Касби туманига келганимда, албатта, Ҳазрат Султон Мирҳайдар ота қадамжосини зиёрат қиламан.

Манбаларда Алишер Навоий ва Султон Мирҳайдар ота ҳамда Касби билан ўзаро боғлиқ маълумотлар ҳам учрайди. Жумладан, Навоий ҳазратларининг онаси Касбидан бўлгани ва у зот волидасини Мир Ҳайдар ота қабри ёнида дафн этгани ҳақида ўқигандим[2].

Раҳматлик шоиримиз Икром Отамуроднинг аждодлари ҳам шу тупроқда ётибдилар. Икром ака отасидан жуда эрта айрилган. Саломат ая ёлғиз ўғлини ёлғиз ўзи вояга етказган, пойтахтда ўқитган, уйли-жойли қилган, шу тариқа эл-юртга дилбар бир шоирни етказиб берган.

Ўғил ҳам доим онасининг хизматида турган, сўнгги дамларигача ёнида бўлган. Сўнг Тошкентдан Касбига олиб қайтган. Икром Отамурод ўз онаизорига бағишланган бир шеърида ўша ғамгин хотираларини шундай ифодалаган:

Касбининг бежирим, қадим туфроғи

Қон-қонига сингиб кетганди қат-қат.

Дерди: "Мен Касбининг битта урвоғи,

Кўз юмсам, Касбига қўясан фақат!"[3].

          Икром Отамурод ўз тенгдошлари орасида фалсафий мушоҳадаси кенглиги, минбар шоирларига хос нотиқлиги билан ажралиб турар эди. Шоир ижодига бағишланган адабий давралар ва илмий тадқиқотларда "Унинг ижодидан устоз Мақсуд Шайхзода нафаси сезилади" деган фикрларга ҳам дуч келиш мумкин. Бу баҳони эътироф сифатида қайд этган ҳолда, Икром аканинг шеърияти бетакрор ва ўзига хос эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

          Авваламбор, Икром ака шеърларида "кўнгил" сўзини "кангул" шаклида ёзиши ва нутқида ҳам худди шундай талаффуз этиши шеърият мухлисларига жуда таниш ҳолат эканини эслатиш жоиз. Бунга биргина мисол:

Сўзласанг,

сўзингда кўриниб турмаса канглунг,

ёлғон дўнар,

ёлғон дўнар бундайин сўзинг[4].

          Икром Отамурод кангул сўзини жону дилидан севарди, мудом кангулга сайр этар ва кангулда яшарди. Ҳаёту ижодида кангулга садоқат кўрсатиб ўтгани учун у ҳатто "Канглум" деган самимий куня (лақаб) орттирганди. Бу ҳам шоирнинг "канглу" дард неъматига бой, ўзи эса хокисор "аҳли дард"лардан бири бўлганининг ажиб бир тасдиғидир.

          Икром Отамуроднинг дастлабки шеърий тўплами “Вақт ранглари” 1982 йилда нашрдан чиққан. Шундан кейин “Жануб қушлари” (1983), “Тўрғайли манзиллар” (1985), “Уфқлар орти бепоён” (1987), “Узоқлашаётган оғриқ” (1990) шеърий китобларини чоп эттирган.

          Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб шоир шеъриятида лирик-фалсафий йўналиш устуворлик касб этганини кузатиш мумкин. Хусусан, “Сопол синиқлари” (1994), “Сен” (1996), “Ичкари ва ташқари” (1997), “Руҳимнинг қайғуси”  (1999) каби шеърий тўпламлари ва достонлари қалбга янада яқинлиги, тоза ва самимий туйғуларга тўйинганлиги билан китобхонга манзур бўлган.

          Айни пайтда “Канглум ўзинг” (2002), “Тавр” (2005), “Тағаззул” (2008), “Харитага тушмаган жой” (2011), “Муқаддар” (2012), “Ёбондаги ёлғиз дарахт” (2015), “Қуш” (2017), «Ҳувийят» (2020, қайта нашри, 2023)  сингари шеърий китоблари ва достонларида инсоний ҳақиқатни ахтарган шоирнинг бетакрор бадиий усули ва ижодий маҳорати эътиборни тортади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган «Ҳижрон имтиҳони» (2025) китоби шоирнинг сўнгги йилларда ёзган янги шеърлари, «Изтироб», «Ўрин», «Ишора» каби достонлари ҳамда жаҳон шеъриятидан қилган таржималари ўрин олган тўплами ҳисобланади.

          Мустақиллик йиллари поэманавислигида Икром Отамурод шеърий достонларининг сони ва маънавий салмоғи бўйича етакчи ўринларда туради. Янги давр достонлари ҳақида сўз борганда, бир қатор адабиётшунослар Икром аканинг достонларига хос сиқиқлик ва рамзларга бойлик фазилатларини алоҳида эътироф этганлари диққатни тортади.

          Бунда, албатта, Икром Отамурод истиқлолгача бўлган даврдаёқ бадиий етук достонлар битиш учун маҳоратини муттасил ошириб боргани муҳим аҳамиятга эга. Аввало, Икром аканинг фаластинлик шоир Муин Бсисуга бағишлаб 1986 йили битган “Ярадор умид отлари” достони ХХ аср 80-йиллари ўзбек шеъриятида сезиларли воқеа бўлгани бу фикримизни тасдиқлайди. Достонда хорижлик ижодкор образи орқали инсон қалбининг тўлқинлари, мустақиллик ҳақидаги орзулари, она юрт образи кучли ҳис-ҳаяжон билан ифодаланган.

          Шундан сўнг шоир фалсафий мушоҳада билан йўғрилган услубига содиқ қолиб, 1990 йили “Узоқлашаётган оғриқ” достонини яратди. Бу асарда одамларни тобора тарк этиб бораётган эътиқод, бурч, инсонийлик тушунчалари қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий тадқиқ этилган. Сўнгра "Сопол синиқлари", "Изтирор", "Тағаззул", "Ёбондаги ёлғиз дарахт", "Ичкари... Ташқари", "Истарим", "Харитага тушмаган жой", "Қуш" сингари шеърий достонлар дунё юзини кўрди.

          Икром Отамурод оммабоп шоир эмаслиги, унинг шеърларидан росмана завқланиш, айниқса, достонларидаги маърифат ёғдуларидан теран баҳра олиш учун мумтоз адабиётимиз ва тил бойлигимиздан озми-кўпми хабардорлик талаб этилишини ҳам очиқ айтиш керак. Биз Икром ака ижодида қўллайдиган "ажабтовур" сўзларни назарда тутаяпмиз.

          Шоирнинг ўзи суҳбатларидан бирида бу ҳақда шундай деган: "Мен қўллаган барча сўзлар, жумладан, сиз нотаниш, ғалатироқ деяётганларингиз тилимизда, гаплашув йўсинимизда бор. Шеваларимиздаги ҳар бир сўз – халқимизнинг бойлиги. Уларни адабий тилимизга олиб киришимиз, ундан барчани баҳраманд этишимиз лозим"[5].

          Айрим адабиётшунослар Икром Отамурод ўз достонларида "эллипсис" ва "анафора" каби бадиий усулларни қандай қўллаганини атрофлича илмий таҳлил қилган. Бу ўринда эллипсис – асар тилида сўзларни тежаб ишлатиш усулини англатса, анафора – сўз такрорига асосланган усул, демакдир.

          Икром Отамурод таниқли таржимон ҳам эди. У жаҳон адабиётидан Уолт Уитмен, Пабло Неруда, Евгений Евтушенко, Ўлжас Сулаймон каби ўз руҳиятига яқин шоирларнинг шеър ва достонларини юксак бадиий маҳорат билан она тилимизга таржима қилган.   Шоирнинг асарлари турк, араб, булғор, рус, молдаван, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига ўгирилган ва чоп этилган.

          Хулоса қилиб айтганда, шоир канглудаги туйғулар олами шеърдан-шеърга, достондан-достонга, китобдан-китобга янада рангинлашиб бораётганди. Энди унинг шеър тўла канглудан кангул билан лиммо-лим шеърлари, китоб жавонларида китоблари, ижод столининг тортмасида эса ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмалари мерос қолди.

Икром Отамурод бетакрор ижоди билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олиб улгурганлигини эътироф этган ҳолда, бир амалий таклифни илгари сурмоқчиман. Яъни, раҳматлик Икром ака туғилиб-ўсган Қашқадарё вилояти Касби туманидаги шоирнинг ўзи таҳсил олган мактабда “Икром Отамурод кутубхонаси”ни ташкил этиш лозим.

Бўлажак кутубхона китоб фондига Икром Отамуроднинг шахсий кутубхонасидаги китоблар, шоирнинг дўстлари ва шогирдлари, ҳамкасблари ва мухлислари, шунингдек, турли ташкилотлар беғараз тақдим этадиган китоблар ҳисобига асос солинади. Барча хайрихоҳ инсонлар ва тегишли ташкилотлар ушбу таклифни қўллаб-қувватлашларига ишонамиз ва амалий ҳамкорлик истагини кутамиз.

Гап шундаки, Касбига борсам албатта Икром Отамурод ўқиган мактабни ҳам бориб кўрардим ва шоирнинг собиқ синфдошлари  билан учрашардим. Эсимда, бизнинг бу гурунгларимиз Икром аканинг қулоғига етиб борган экан ва учрашиб қолганимизда астойдил миннатдорчилик билдиргандилар.

Умр – ўткинчи, ҳаммамиз – бир-биримизга ғаниматмиз. Агар “Икром Отамурод кутубхонаси” иш бошласа, бир томондан, марҳумнинг руҳи шод бўлса, иккинчи томондан, шоир ўқиган мактаб ўқувчиларига улар учун ғоят зарур маънавият хазинаси тақдим этилган бўлур эди, иншааллоҳ.

 

Акмал Саидов,

академик, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Hurriyat» газетасининг 2026 йил 12 август кунги 32 (1510)-сони

 

[1] Отамурод, Икром. Харитага тушмаган жой: Шеърлар ва достонлар. – Т.: “Шарқ”, 2011. – 56-бет.

[2] Чориев А. Ҳазрати Султон Мир Ҳайдар ота тарихи. – Т.: “Янги аср авлоди ”, 2013. – 61-бет.

[3] Отамурод, Икром. Харитага тушмаган жой: Шеърлар ва достонлар. – Т.: “Шарқ”, 2011. – 13-бет.

[4] Отамурод, Икром. Муқаддар: Шеърлар ва достонлар. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матаа ижодий уйи, 2012. – 3-бет.

[5] "Моҳият" газетаси, 2006 йил 13 октябрь.

Nashr sanasi 12.08.2026 Ko'rishlar 158
Ulashish