Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

35 ЙИЛЛИК ТАРАҚҚИЁТ, ТАЖРИБА ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Тарихда шундай йиллар борки, уларни тақвим эмас, халқлар тақдири белгилайди. 1960 йил «Африка йили» сифатида тарихга кирган бўлса, 1991 йилни ҳам тарихий мазмунига кўра «Мустақиллик йили» деб аташ мумкин. Зеро, бу йилда собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикалар озодлик ва давлат мустақиллигига эришди. Ўзбекистон учун эса 1991 йил нафақат мустақиллик, балки миллий парламентаризм ривожининг ҳам бошланиш нуқтаси бўлди.

Нега? Чунки мустақил давлатчилик халқ иродасини ифодаловчи вакиллик институтини шакллантиришни тақозо этар эди. Шу нуқтаи назардан, парламент — бу фақат қонун қабул қиладиган орган эмас. У, аввало, халқ иродасининг сиёсий ифодаси, турли ижтимоий манфаатларнинг қонуний мулоқот майдони, ҳокимиятнинг мувозанат ва тийиб туриш механизмларидан бири, давлат сиёсатининг қонунийлиги ҳамда халқчиллигини таъминловчи демократик институтдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Бу фикр Ўзбекистон парламентаризмини ривожлантиришнинг муҳим дастурий ғоясини ифодалайди.

Шу маънода, Янги Ўзбекистонда парламентаризмнинг 35 йиллик тарихига назар ташлаш — мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги, демократик институтлар ва сиёсий плюрализм қандай шакллангани ва ривожланганини кўриш демак.

Замонавий парламентаризмнинг энг олий мезони — парламентнинг халққа қанчалик наф келтираётгани, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қай даражада ҳимоялаётгани, жамият тараққиётига қандай ҳисса қўшаётгани билан белгиланади. Зеро, халққа хизмат қиладиган парламент, охир-оқибат, давлатнинг ўзига ҳам, унинг келажагига ҳам камарбаста бўлади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг:

«Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур»,

деган мисралари айнан шу мезонни ифода эта олади. Бу қараш ҳар бир депутат ва сенатор фаолиятининг муҳим маънавий мезони бўлиши лозим.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон парламентининг ўзи ҳам, унинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ҳам, парламентга нисбатан халқнинг талаби ҳам ўзгарди.

Кеча парламент учун асосий савол «Қандай қонун қабул қилиш керак?» бўлган бўлса, бугун унга янада мураккаброқ савол қўйилмоқда:

«Қабул қилинган қонун инсон ҳаётини қандай ўзгартирди?» Ўзбекистон парламентаризмининг кейинги тараққиёт босқичини айнан шу савол белгилаб бериши керак.

 

Миллий парламентаризмнинг тарихий илдизлари

 

Парламентаризмнинг асосий мезонларидан бири — парламентнинг давлат ҳокимияти тизимида қанчалик таъсирчан ва мустақил институт эканлигидир.

Жаҳон парламентаризми тарихига назар ташласак, Англиядаги парламент анъаналари, Европада ва Америкадаги вакиллик органлари, кейинчалик конституционализм ва демократик давлатчиликнинг ривожланиши замонавий парламентаризмнинг шаклланишига асос бўлганини кўрамиз.

Ўзбекистон парламентаризмининг тарихий илдизлари қадимийдир. «Авесто» каби мамлакатимиз тарихига оид энг қадимги манбаларда жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим қарорлар якка ҳукмдор эмас, балки халқ йиғинлари, оқсоқоллар ва қабила бошлиқларининг жамоавий машварати орқали қабул қилингани ҳақидаги қарашлар учрайди. Бу жамоа манфаатларини муҳокама этиш ва келишувга асосланган бошқарувнинг илк маданий пойдеворларидан бири эди.

Турк хоқонлигида давлатнинг муҳим масалалари Қурултой ва Кенгаш йиғинларида муҳокама қилиниб, келишув асосида ҳал этилган.

Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида ҳам кенгаш ва маслаҳатнинг аҳамиятига ишора берувчи: «Кенгашда қилинган ишнинг кенгчилиги, енгиллиги бўлади, кенгашсиз қилинган иш эса торлик, қийинчилик», деган фикр келтирилади.

Сохибқирон Амир Темур давлатчилигида ҳам «Машварат» — кенгаш ва олий «Қурултойлар» давлат ишларини ҳал этишда муҳим ўрин тутган. «Темур тузуклари»да келтирилган: «Салтанат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилади», деган машҳур фикр давлат қарорларининг пухталиги кўп жиҳатдан фикрлар хилма-хиллиги ва маслаҳат маданиятига боғлиқ эканини кўрсатади.

Бугун «Энг яхши парламент модели қайси?» деган саволга ягона жавоб йўқ. Энг яхши модель муайян мамлакатнинг тарихий тараққиёти, давлат тузилиши, сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва жамият эҳтиёжларига энг мос келадиган моделдир.

Шу боис Ўзбекистон парламентаризмининг энг муҳим вазифаларидан бири — хорижий парламент тажрибасини кўр-кўрона равишда кўчириш эмас, балки жаҳон тажрибасидан миллий давлатчилик хусусиятларига мос бўлган энг самарали институт ва механизмларни танлаб олишдир.

 

Замонавий парламентаризм уч маънода

 

Парламентаризм ҳақида сўз юритганда, аввало, унинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб олиш муҳим. Чунки у фақат парламентнинг мавжудлиги ёки унинг фаолияти билан чекланмайди. Парламент мураккаб ва кўп қиррали сиёсий-ҳуқуқий воқелик бўлиб, ўзининг норматив ва амалий жиҳатларига эга. Шу нуқтаи назардан, «парламентаризм» тушунчасини уч ўзаро боғлиқ маънода талқин қилиш мумкин.

Биринчидан, парламентаризм — қонунчиликдир.

Парламентаризм, аввало, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қонунларни қабул қилиш, такомиллаштириш ва улар ижроси назорати билан боғлиқ жараёнларни англатади.

Парламентнинг энг асосий функцияси — қонун қабул қилиш. Бироқ замонавий парламентаризмни фақат шу жараён билан чеклаб бўлмайди. Бугун парламентнинг қонунчилик фаолияти билан бир қаторда Давлат бюджети, парламент назорати, ҳукуматнинг ҳисобдорлиги, сиёсий партиялар фаолияти, инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик манфаатларини ифодалаш каби вазифалари ҳам парламентаризмнинг узвий қисмидир.

Иккинчидан, парламентаризм — парламент ҳуқуқи назариясидир.

Парламентаризм назарияси «Парламент қандай бўлиши керак?», «Парламент қандай ишлаши лозим?», «Парламентнинг давлат ва жамиятдаги устувор вазифаси нимадан иборат?» деган саволларга жавоб излайди. Шу нуқтаи назардан парламентаризм сиёсатшунослик, конституциявий ҳуқуқ, парламент ҳуқуқи ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар кесишувида шаклланган мустақил илмий йўналиш сифатида намоён бўлади.

Шу боис Ўзбекистон парламентаризмининг 35 йиллик тараққиётини ўрганиш асносида, фақат қабул қилинган қонунлар ёки парламентнинг ташкилий тузилиши билан чекланиб қолмаслик керак. Парламент институтининг назарий асослари қандай ўзгаргани, парламентаризмга бўлган илмий ва сиёсий ёндашувлар қандай ривожлангани, миллий парламентаризм модели қандай шаклланганини ҳам тадқиқ этиш зарур.

Учинчидан, парламентаризм — парламент амалиётидир.

Парламентаризмнинг учинчи ва эҳтимол, энг муҳим маъноси унинг амалий ифодасидир. Чунки ҳар қандай илмий назария ва ҳуқуқий норма фақат амалиётда ўзининг ҳақиқий тасдиғини намоён этади.

Гёте ўзининг машҳур «Фауст» трагедиясида:

«Назария — қуруқ огочдир,

Лекин яшнар ҳаёт дарахти»,

деб ёзган. Ушбу сатрлар Ўзбекистон Кахрамони ва халқ шоири Эркин Вохидов томонидан моҳирона таржима қилинган.

Парламентаризм амалиёти — парламентнинг кундалик фаолияти, депутатларнинг сайловчилар билан муносабати, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёни, парламент назорати, ҳукумат ҳисобдорлиги, парламентдаги сиёсий партиялар ва фракциялар фаолияти, парламент мухолифати, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни қамраб олади.

Шу боис парламентаризмнинг амалий мазмунини «Парламент амалда қандай ишлаяпти?» деган савол орқали изоҳлаш мумкин. Агар қонунлар сифатли бўлсаю лекин улар ижро этилмаса — бу тўлақонли парламентаризм эмас.

Агар парламентнинг ваколатлари Конституцияда белгилаб қўйилган бўлсаю бироқ улар амалда самарали ишламаса — бу ҳам тўлақонли парламентаризм эмас. Агар парламентда сиёсий партиялар мавжуд бўлсаю аммо улар ўртасида реал фикрлар хилма-хиллиги ва конструктив сиёсий рақобат бўлмаса — парламентаризмнинг сиёсий мазмуни тўлиқ намоён бўлмайди.

Шу боис парламентаризмнинг ҳақиқий моҳиятини «қонунчилик — назария — амалиёт» бирлиги асосида баҳолаш зарур. Қонунчилик парламентаризмнинг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этади. Назария унинг илмий ва маънавий-ахлоқий асосларини белгилайди. Амалиёт эса ушбу ҳуқуқий ва назарий асосларни ҳаётга татбиқ қилади.

Ҳақиқий парламентаризм — илмий назария, мукаммал қонунчилик ва самарали парламент амалиётининг уйғунлигидир.

 

Ўзбекистонда парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари

 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон парламентаризмининг энг муҳим амалий натижаларидан бири — миллий қонунчилик тизимининг изчил шакллантирилиши ва такомиллаштирилиши бўлди.

1991 — 2026 йиллар мобайнида мамлакатда жами 1563 та қонун ва 19 та кодекс қабул қилинган. Шу даврда Ўзбекистон томонидан 129 та халқаро шартнома ратификация қилиниб, 3 та халқаро шартнома денонсация этилган. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Улар парламентнинг миллий ҳуқуқий маконни шакллантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини миллий қонунчилик билан уйғунлаштириш борасидаги салмоқли фаолиятини кўрсатади.

Ўзбекистонда парламентаризм тарихини шартли равишда уч босқичга ажратиш мумкин.

Биринчи босқич — 1990 — 2004 йиллар.

Бу — сохта халқ вакиллигидан ҳақиқий парламентаризмга ўтиш даври. 1990 йилда Олий Кенгашнинг ташкил топиши, Президентлик институтининг жорий этилиши ва 1991 йилда давлат мустақиллигининг эълон қилиниши Ўзбекистон парламентаризми учун янги тарихий босқични бошлаб берди. Бу даврни бир палатали миллий парламент ва конституциявий парламентаризмнинг шаклланиш босқичи деб аташ мумкин.

1992 йилги Конституция парламентнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди. Шу даврда қонун ижодкорлиги, парламент қўмиталари, депутатлик фаолияти ва сиёсий партияларнинг парламентдаги иштироки шакллана бошлади.

Иккинчи босқич — 2005 — 2016 йиллар.

Бу — икки палатали парламент тизимига ўтиш босқичи. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат икки палатали тизимга ўтиши парламентнинг институционал ривожида туб бурилиш бўлди. Бунинг асосий мақсади, бир томондан, халқнинг сиёсий иродасини ифодаловчи ва қонун ижодкорлигига ихтисослаштирилган профессионал Қонунчилик палатасини шакллантириш бўлса, иккинчи томондан, ҳудудий вакилликни таъминлайдиган Сенатни ривожлантириш эди.

Учинчи босқич — 2017 — 2026 йиллар.

Бу — Янги Ўзбекистон парламентаризми даври. Бу босқични парламентнинг сиёсий ва назорат ваколатларини кенгайтириш босқичи деб баҳолаш мумкин.

Ҳаракатлар стратегияси ва «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролига янгича ёндашув шаклланди. Парламент назоратининг янги шакллари ривожланди, «Ҳукумат соати» институти кенгайди, парламент сўровлари, депутатлик сўровлари, қўмиталарда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти кучайди. Энг муҳими, парламент фаолиятида «қонун қабул қилишдан — қонун ижросини назорат қилишга» ўтиш тенденцияси пайдо бўлди.

2023 йилда янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши ва 2024 йилда янги конституциявий асосда парламент сайловларининг ўтказилиши Ўзбекистон парламентаризми тарихида янги босқични бошлади.

2024 йилги парламент сайловлари Ўзбекистон тарихида Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими асосида ўтказилган биринчи сайлов бўлди: 150 депутатлик ўрнининг 75 таси бир мандатли округларда мажоритар тизим, 75 таси эса партия рўйхатлари асосида пропорционал тизим бўйича шакллантирилди.

Шу тариқа, 35 йиллик тараққиёт давомида Ўзбекистон парламентаризми бир палатали парламентдан икки палатали парламент, вакиллик органидан профессионал парламент, қонун ижодкорлигидан таъсирчан парламент назорати сари ривожланди.

Янги Ўзбекистон ва парламентаризм Янги Ўзбекистон ғоясининг энг муҳим жиҳатларидан бири — Миллат сардори олға сурган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган тамойилнинг давлат бошқарувидаги барча бўғинларга татбиқ этилишидир.

Бунда парламентнинг ўрни алоҳида. Чунки парламент давлат ва халқ ўртасидаги энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий кўприкдир. Янги Ўзбекистон парламентаризмида учта асосий тенденцияни кўриш мумкин.

Биринчи тенденция — парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги сиёсий роли ва аҳамияти ошиб бормоқда. Қонунчилик палатасининг ижро ҳокимияти билан муносабатларида парламентнинг ўрни кучаймоқда. Ҳукумат аъзоларининг парламентдаги ҳисобдорлиги ортмоқда. Қонунчилик палатасининг Бош вазир номзодини кўриб чиқиши, ҳукумат аъзолари номзодларини маъқуллаши, ҳукумат ҳисоботларини эшитиши парламент масъулиятини сезиларли даражада оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда «Миллий парламентаризмни ривожлантириш ва халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилмоқда».

Иккинчи тенденция — парламент назоратининг мазмуни кенгаймоқда.

Парламент назорати энди фақат вазирнинг ҳисоботини эшитиш билан чекланмаслиги керак. Унинг асосий мезони — «Парламент қабул қилган қонун амалда инсон ҳаётини қанчалик ўзгартирди?» деган саволга жавоб бериш. Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак».

Учинчи тенденция — парламентнинг халқ билан алоқаси мустаҳкамланмоқда. Депутат сайлов округига бориб, фақат учрашув ўтказиши эмас, балки муаммони аниқлаши, уни қонунчилик ташаббусига айлантириши ва ечимини назорат қилиши керак. Шу маънода депутат фаолиятини баҳолашнинг янги мезони зарур: «Депутат нечта йиғилишда қатнашди?» эмас, балки «У ўз сайловчилари ҳаётида қандай ўзгариш қилди?» — ана шу савол муҳим.

 

Янги таҳрирдаги Конституция ва парламентаризм

 

35 йиллик парламентаризм тарихи биз учун фақат ўтган йўлни сарҳисоб қилиш эмас. Бу — «Биз қаердан келдик?», «Биз қандай парламент қурмоқдамиз?» ва «Келажак авлодга қандай парламентаризм қолдирмоқчимиз?» деган саволларга жавоб излаш имкониятидир.

2023 йили референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон парламентаризмининг ҳуқуқий асосларини сезиларли даражада кенгайтирди. Конституция давлат ҳокимияти тизимида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро ҳамкорлиги ва мувозанатини кучайтиришга қаратилган. Шу маънода, парламентни кучайтириш — ижро ҳокимиятини заифлаштириш дегани эмас. Аксинча, кучли парламент кучли ва масъулиятли ижро ҳокимиятининг кафолатларидан биридир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда парламентга тааллуқли нормалар ўзига хос йўналишларда такомиллаштирилди.

Биринчи йўналиш: қонун чиқарувчи ҳокимият мақоми ва халқ вакиллиги кучайтирилди.

Иккинчи йўналиш: парламент назорати ва ижро этувчи ҳокимият масъулияти ортди.

Учинчи йўналиш: давлат органларини шакллантиришда парламент ваколатлари кенгайтирилди.

Тўртинчи йўналиш: парламентнинг ташқи сиёсат ва конституциявий назоратдаги роли ошди. Халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш, дипломатик вакилларни тайинлаш ҳамда ташқи сиёсий ташаббусларни илгари суришда Олий Мажлиснинг иштироки кенгайтирилди.

Бешинчи йўналиш: маҳаллий вакиллик органлари ва парламент ўртасидаги интеграция кучайди. Ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик амалиётининг босқичма-босқич бекор қилиниши маҳаллий Кенгашларнинг мустақиллигини оширишга йўл очди.

35 йиллик парламентаризм тажрибаси асосида муҳим хулосаларга келиш мумкин.

Биринчи хулоса: Ўзбекистон парламентаризми тайёр бир моделни кўчириш асосида эмас, балки миллий давлатчилик ҳамда халқаро ва хорижий демократик тажрибанинг уйғунлиги асосида шаклланди.

Иккинчи хулоса: парламентаризм бир марта яратиб қўйиладиган институт эмас. У доимий ривожланишни талаб қиладиган сиёсий-ҳуқуқий жараёндир.

Учинчи хулоса: парламентнинг кучли бўлиши фақат депутатлар ва партиялар сони ёки ваколатлар миқдори билан белгиланмайди.

Унинг ҳақиқий кучи қонунларнинг сифати, назорат механизмларининг таъсирчанлиги, сиёсий партиялар рақобати, парламент мухолифатининг фаоллиги, депутатларнинг профессионаллиги ва халқчиллиги билан белгиланади.

Тўртинчи хулоса: Ўзбекистон парламентаризмининг истиқболдаги асосий вазифаси — «ваколатли парламент»дан «натижадор парламент»га ўтиш. Яъни парламентга кўпроқ ваколат бериш билан бирга, унинг ҳар бир ваколати натижа кўрсатиши керак.

Бешинчи хулоса: парламент демократиясида конструктив мухолифат ҳам парламент сифатининг муҳим мезонидир. Соғлом танқид, муқобил фикр ва сиёсий рақобат қонунларнинг сифатини оширади. Шу ўринда жаҳон парламентаризми бизга муҳим сабоқ беради: парламентнинг ёши эмас, унинг самарадорлиги муҳим.

Баъзи парламентлар асрлар давомида шаклланган. Баъзилари эса нисбатан ёш.

Аммо парламентнинг ҳақиқий кучи унинг қадимийлиги, ваколатлари, фракциялари ва мажлислари билан эмас, балки халқ ишончини қай даражада оқлаши, қонунларнинг ҳаётда ишлаши ва давлат ҳокимияти устидан демократик назоратни қанчалик самарали амалга ошириши билан ўлчанади. Қадимги Хитой мутафаккири Конфуцийнинг: «Халқнинг ишончи бўлмаса, давлат мавжуд бўла олмайди», деган фикри ҳам шу ҳақиқатни ифодалайди.

 

Янги Ўзбекистон парламентаризмини ривожлантириш истиқболлари

 

Янги Ўзбекистон парламентаризми истиқболлари қандай?

Рақамли парламентга ўтишни жадаллаштириш. «Рақамли парламент» концепцияси доирасида қонун лойиҳаларини сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий ва коррупсиявий экспертизадан ўтказиш, қонунларнинг таъсирини рақамли мониторинг қилиш, депутатлик сўровларининг ягона электрон мониторинг тизимини яратиш, фуқароларнинг парламентга электрон мурожаатларини қонун ижодкорлиги билан боғлаш зарур.

Парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича салоҳиятини ошириш. Ҳар бир қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсирини парламент даражасида бахолашнинг самарали тизимини кучайтириш лозим.

Фуқароларнинг қонунчилик ташаббусини кучайтириш. Фуқароларнинг қонун ижодкорлигидаги иштироки реал механизмга айланиши керак.

«Натижага йўналтирилган парламент назорати» тизимини жорий этиш. Парламент назорати ҳисобот билан эмас, муаммонинг ечими билан якунланиши жоиз.

Парламентнинг бюджет назоратини кучайтириш. Парламентнинг бюджет жараёнидаги иштироки фақат Давлат бюджетини қабул қилиш билан чекланмаслиги керак. Бюджет маблағларининг мақсадли, самарали ва натижадор сарфланиши устидан самарали парламент назоратини кучайтириш даркор.

Парламент мухолифати институтини янада ривожлантириш. Мухолифатга берилган ҳуқуқлар амалда ишлаши, парламентда муқобил қонун лойиҳалари ва муқобил сиёсий позициялар учун реал майдон яратилиши керак.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини кучайтириш. Ҳақиқий вакиллик демократияси маҳаллий Кенгашлардан бошланади.

Шунинг учун маҳаллий Кенгашларнинг бюджет,ҳудудий ривожланиш, ижтимоий сиёсат ва коммунал инфратузилма масалаларидаги ваколатларини янада кучайтириш зарур.

Парламентшуносликни мустақил илмий йўналиш сифатида ривожлантириш. Ўзбекистонда парламентаризмнинг 35 йиллик тажрибасини илмий жиҳатдан умумлаштириш, парламент ҳуқуқи ва парламентшунослик бўйича махсус тадқиқотларни кенгайтириш, парламент амалиётини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилиш вақти келди. «Ўзбекистон парламентаризми тарихи», «Парламент назорати назарияси ва амалиёти», «Парламент дипломатияси» каби йўналишларда фундаментал тадқиқотлар зарур.

 

Хотима

 

Ўзбекистон парламенти 35 йиллик тараққиёти даврида Олий Кенгашдан Олий Мажлисга, бир палатали тизимдан икки палатали парламентга, сессиявий фаолиятга асосланган парламентдан доимий ва профессионал асосда ишлайдиган парламентга, қонун қабул қилувчи орган мақомидан назорат ва вакиллик функциялари кучайган институтга айланиш йўлини босиб ўтди.

Янги Ўзбекистонга шунчаки кучли парламент эмас, балки:

·                 ҳақиқий ва самарали профессионал парламент;

·                 халққа яқин халқчил парламент;

·                 рақамли ва очиқ парламент;

·                 қонунлари самарали ишлайдиган парламент;

·                 назорати натижа берадиган парламент;

·                 мухолифат фикри эшитиладиган парламент;

·                 ёшлар ва хотин-қизлар, аҳолининг барча қатламлари овози тўла акс этадиган парламент;

·                 Халқаро майдонда миллий манфаатларни фаол ҳимоя қиладиган парламент керак.

Энг муҳими, парламент «Халқ уйи» деган юксак номга муносиб бўлиши лозим. Чунки парламентнинг ҳақиқий қудрати унинг деворларида эмас — халқ ишончида. Депутатнинг ҳақиқий мақоми унинг лавозимида эмас — халқ олдидаги масъулиятида. Қонуннинг ҳақиқий қиймати унинг матнида эмас — инсон ҳаётини қанчалик яхшилаганида.

Биз парламентаризмни шунчаки ривожлантиришимиз эмас, уни халқнинг кундалик ҳаётида сезиладиган демократияга айлантиришимиз керак. Ана шунда 35 йиллик парламентаризм тажрибаси тарихий натижага, бугунги ислоҳотлар эса келажак авлод учун мустаҳкам демократик меросга айланади.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси

депутати, академик.

«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил 13 август 164 сони

O'zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining kutubxonasi

 

Nashr sanasi 13.08.2026 Ko'rishlar 152
Ulashish