Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Боланинг яна бир ҳуқуқи: отаси исмини фамилия қилиши мумкин  

Давлатимиз раҳбари 2026 йил 13 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун билан Оила кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, болага отанинг исми, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкинлиги белгиланди. Илгари кодексда отанинг исми фамилия сифатида берилиши назарда тутилмаган эди.

“Архив иши тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, электрон архив ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби белгиланди.

Электрон архивларнинг ўзига хос талаблари электрон архив тизимининг аппарат-дастурий таъминоти мавжудлиги, электрон архив фондлари ва ҳужжатларини яратиш учун зарур воситаларнинг, шу жумладан, рақамлаштириш қурилмалари ва дастурларининг мавжудлиги, электрон архив ҳужжатларини қидириш, бошқариш ва уларга ишлов бериш имкониятининг мавжудлиги, электрон шаклдаги архив ҳужжатининг асл архив ҳужжати билан бир хиллигини таъминлаш, электрон архив тизимининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этишдан иборат.

Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига киритилган архив ҳужжатларини, шунингдек давлат мулки бўлмаган бошқа архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга ошириш учун нодавлат архивлар ташкил этилиши мумкинлиги кўзда тутилди.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 14.08.2026 Ko'rishlar 144
Ulashish