Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Академик Акмал Саидов: “Бухоронинг нафақат муаззам тарихий обидалари, балки юксак интеллектуал салоҳияти ҳам эътирофга сазовор”

14  август куни Бухоро вилояти ҳокими, сенатор Ботир Зарипов Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари билан учрашди. Самимий ва жонли мулоқот асносида ҳудудда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов, академиклар Қодир Ғуломов, Қаландар Абдураҳмонов ва бошқалар иштирок этди.

Хусусан, академик А.Саидов сўз олиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-фан ва таълим соҳасини Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг асосий пойдевори деб ҳисоблаши бежиз эмаслигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини кучайтириш ва соҳани молиялаштиришни кенгайтириш бўйича муҳим ислоҳотларни амалга ошираётгани ва ана шу ислоҳотлар самараларини Бухородаги илм-фан, таълим ва маърифат ривожи мисолида яққол кўриб турганини қайд этди.

Таниқли ўзбек ҳуқуқшуносининг фикрича, Бухоронинг нафақат муаззам тарихий обидалари, балки юксак интеллектуал салоҳияти ҳам эътирофга сазовор. Вилоятда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш, илмий салоҳиятдан ҳудуд тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга.

Шу маънода, “Бухоро фиқҳ мактаби”, “Бухоро тасаввуф мактаби”, “Бухоро жадидчилик мактаби” каби соҳаларда чуқур илмий-амалий тадқиқотларни изчил ривожлантириш жуда муҳим.

Бундан ташқари, мулоқот давомида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш каби йўналишларда илмий ёндашув асосида амалий ечимлар ишлаб чиқиш масалалари хусусида фикр юритилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

*

 

14-16 август кунлари Бухоро шаҳрида XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари бўлиб ўтди. Ушбу маърифий тадбир “Абу Али ибн Сино: замонавий тиббиёт ва халқ табобати – инновациялар ва инвестициялар” мавзусига бағишланди.

Нуфузли халқаро анжуманда Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Индонезия, Эрон, Туркия, Италия, Россия, Покистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлардан олимлар, академиклар ва тиббиёт мутахассислари иштирок этди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг 18 нафар академиги, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов қатнашди.

Анжуман давомида Ибн Сино илмий мероси, замонавий тиббиёт ва халқ табобати уйғунлиги, инновацион технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва инвестициялар масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар учун илмий маърузалар, шўъбалардаги таҳлилий муҳокамалар ва амалий маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

Халқаро Ибн Сино ўқишларининг тантанали очилиши ва ялпи мажлис маърузалари Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти анжуманлар залида ташкил этилди. Шу нуқтаи назардан, Бухорога ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари учун Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг илмий, таълимий ва амалий салоҳиятини намойиш этиш мақсадида институтнинг муҳим объектлари бўйлаб таништирув ташрифи ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Институт ректори, профессор Шуҳрат Тешаев бошчилигида академиклар институтнинг музейи, Ахборот-ресурс маркази, Халқ табобати лабораторияси, клиникаси ҳамда бошқа муҳим марказ ва бўлимлар фаолияти билан яқиндан таништирилди. Ташриф давомида меҳмонларга институтнинг кўп йиллик тарихи, таълим ва илмий-тадқиқот йўналишлари, замонавий тиббий таълим инфратузилмаси, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Самимий мулоқотлар давомида илм-фан, таълим ва тиббиёт амалиётини янада ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, академик ҳамжамият ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ташриф якунида академиклар томонидан институтда яратилган замонавий шароитлар, илмий салоҳият ва тиббий таълимни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берилди.

Хусусан, академик А.Саидов мазкур институт музейида Бухоро тиббиёт таълимининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, буюк аллома Абу Али ибн Синонинг илмий мероси ҳамда институтнинг бугунги тараққиёт босқичлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганини эътироф этди. Ахборот-ресурс марказида замонавий таълим ва илмий фаолият учун яратилган имкониятлар, электрон ресурслар ва талабаларнинг мустақил таълим олиши учун яратилган шароитлар алоҳида таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.

Миллий марказ директори, шунингдек, бу ердаги Халқ табобати лабораторияси фаолияти, доривор ўсимликларни ўрганиш, халқ табобати анъаналарини замонавий илмий ёндашувлар билан уйғунлаштириш борасидаги ишларнинг аҳамиятига юқори баҳо берди. Институт клиникасида аҳолига кўрсатилаётган замонавий тиббий хизматлар, илғор диагностика ва даволаш усуллари, тиббий таълим ва амалиётнинг узвий интеграцияси бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, таҳсинга лойиқ, деди академик А.Саидов.

 

 *

XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари доирасида бир қатор учрашув ва мулоқотлар ҳам бўлиб ўтди Бухоро давлат техника университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари билан профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар, докторантлар ва ёш олимлар иштирокида ташкил этилган илмий-маърифий учрашув шундай амалий тадбирлардан бири бўлди.

Учрашувда академиклар Акмал Саидов ва Қаландар Абдураҳмонов иштирок этди.

Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова бошқарган самимий ва мазмунли мулоқотда бундай учрашувлар — илмий тажрибани авлоддан-авлодга етказиш, янги ғояларни шакллантириш ва ёш олимларни катта илмий марралар сари руҳлантириш учун муҳим майдон эканлиги қайд этилди.

Қизиқарли мулоқот давомида университетнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, замонавий илмий тадқиқотларни ривожлантириш, илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда ёш олим ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Академиклар томонидан фундаментал ва амалий тадқиқотларни кенгайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда университет олимларининг халқаро илмий майдондаги фаоллигини ошириш юзасидан қимматли тавсиялар билдирилди.

Илм ва маънавият уйғунлиги ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Жумладан, академик А. Саидов нақшбандия тариқатининг илм, маърифат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва инсон камолотига хизмат қилувчи бой маънавий мероси, тасаввуфнинг нақшбандия ва яссавия тариқатлари ўртасидаги ўзаро уйғунлик ва муайян фарқли жиҳатлар, тошкентлик азиз-авлиё Занги ота Ҳимматий билан бухоролик азиз-авлиёларнинг ўзаро устоз-шогирдлик мақомлари ҳақида сўзлаб берди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ёш олимлар академиклар билан бевосита фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 *

Бухоро давлат университетида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Илмий мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик Акмал Саидов билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан илм-фан, таълим ва ҳамкорликнинг янги истиқболларига бағишланган ушбу мулоқот ҳам XIV Халқаро Ибн Сино ўқишлари доирасида ташкил этилди.  Академик А. Саидов Бухоро давлат университетига ташрифи доирасида бу ердаги илмий-таълим муҳити ва замонавий инфратузилма салоҳияти билан яқиндан танишди.

Университет ректори профессор Обиджон Ҳамидов меҳмонга ҳамроҳлик қилар экан, ушбу олий таълим масканида амалга оширилаётган таълим ва илм-фан соҳасидаги изчил ташаббуслар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар, шунингдек, янги барпо этилаётган университет  кампусида замонавий таълим олиш, илмий-тадқиқот олиб бориш ва талабаларнинг ўқиши ва мазмунли дам олиши учун яратилажак қулай муҳит ҳақида сўзлаб берди.

Ташриф давомида меҳмон талабаларнинг илмий-ижодий ишлари ва эришган ютуқлари кўргазмаси ҳамда университетнинг бошқа инфратузилма объектлари фаолияти билан танишди. Танишув жараёни илм-фан, таълим ва университет тараққиёти хусусидаги самимий мулоқот билан уйғун кечди.

Академик А. Саидов Бухоро давлат университетида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, илмий салоҳиятни юксалтириш ва ёшларнинг интеллектуал имкониятларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур учрашув БухДУнинг бугунги илмий-таълим салоҳияти ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини яқиндан кашф этиш имконини берганлигини таъкидлади.

Миллий марказ директори яна бир муҳим мавзуга эътиборни қаратди. Бу ўринда Бухоро илмий-маърифий муассасаларида сақланаётган ғоят ноёб қадимий қўлёзма асарлар тақдири ҳақида сўз бормоқда. Академик А. Саидовнинг фикрича, ушбу қўлёзмаларнинг рўйхатини дарҳол тузиш лозим. Шунда, бир томондан, Бухоро заминидаги бу нодир қўлёзмаларни синчиклаб ўрганиш учун дастлабки муҳим амалий қадам қўйилади, иккинчи томондан, айни тарихий меросимизни изчил ўрганишга кенг йўл очилади.

Бухоро давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси раҳбарияти ва академиклар иштирокида ўтказилган илмий учрашув доирасида замонавий илм-фан ва иқтисодиётнинг долзарб йўналишларига бағишланган янги илмий нашрлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Жумладан, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг “Labor Economics in the Era of Artificial Intelligence” номли инглиз тилидаги дарслиги тақдимотида ушбу асар сунъий интеллект даврида меҳнат иқтисодиёти ва ижтимоий-меҳнат муносабатларида юз бераётган ўзгаришлар халқаро илмий аудитория учун атрофлича ёритиб берилганига эътибор қаратилди.

Самимий руҳда ўтган учрашув ва мулоқотлар Фанлар академияси билан Бухоро давлат университети ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, академик илм-фан ва олий таълим интеграциясини ривожлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 19.08.2026 Ko'rishlar 19
Ulashish