Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон – Франция парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Акмал Саидов ва бир гуруҳ депутатлар Франция Миллий Ассамблеяси депутати, “Франция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи раиси Катрин Эрвье бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Таъкидланганидек, қисқа тарихий давр мобайнида Ўзбекистон ва Франция ўртасида изчил ва мустаҳкам сиёсий мулоқот, ўзаро ишонч ҳамда кенг қамровли ҳамкорлик тизими шаклланди. Бу, аввало, олий даражадаги мунтазам алоқалар, аниқ келишувлар ва уларнинг амалий натижаларида ўз ифодасини топмоқда.
2025 йилда Президентимизнинг Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Франция муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Ташриф давомида инвестициявий ва инновацион соҳаларда 6,5 миллиард евролик аниқ кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларнинг амалий мазмунини янада бойитди.
Стратегик шерикликнинг янги босқичи парламентлараро алоқаларни ҳам мазмунан кенгайтириш учун муҳим имкониятлар яратмоқда. Хусусан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш, парламент қўмиталари ва аппаратлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифларини ташкил этиш муҳим йўналишлар сифатида белгиланмоқда.
Хусусан, 2024 йилда А.Саидов бошчилигидаги Қонунчилик палатаси делегацияси Париж шаҳрида бўлиб, мулоқотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро жамоатчиликка ахборот етказилиши билан бир қаторда, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинганди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш мақсадида қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлилий фаолият бўйича тажриба алмашиш, Франция Миллий Ассамблеясининг қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини ахборот-таҳлилий таъминлаш амалиётини ўрганиш муҳимлиги урғуланди.
Шунингдек, дўстлик гуруҳлари орқали халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат депутатлари ўртасида ишончли ва конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.
Учрашув очиқ ва дўстона руҳда ўтди.
