8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни
“Кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир”.
Ушбу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 1 сентябрь куни мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригида янгради.
Жорий 2026/2027 ўқув йилида қарийб 800 минг нафар мактаб ёшидаги бола 1-синфга ўқишга борди. Мамлакатимиздаги 10 минг 225 та умумтаълим мактаби биринчи синфига борган барча ўқувчиларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тўпламлари топширилди.
Сўнгги ўн йилнинг ўзида юртимизда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилмоқда.
Мактабларда айни вақтда 550 минг нафардан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллион нафардан зиёд ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муаллимларнинг ойлик иш ҳақи мунтазам оширилмоқда.
Касб-ҳунар таълими ва олий таълим қамровлари ҳам изчил оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, ёшларимиз билимли бўлиши, сифатли таълим олиши ва ўзларига маъқул касбларни ўрганиши учун имкониятларни кенгайтирмоқда.
Мамлакатимизда қизғин нишонланган Билимлар куни изчиллик билан Халқаро саводхонлик кунига уланиб кетди. Бинобарин, саводхонлик – тинч-осойишта ва баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гаровидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган ушбу муҳим халқаро сана ЮНЕСКО томонидан 1966 йили жорий этилган. Бу санани дунё миқёсида байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – инсониятнинг саводхонлик даражасини ошириш ва айни соҳада жаҳон ҳамжамиятининг фаоллигини мунтазам кучайтириб боришдир.
Буюк цивилизацияларга асос солган илғор халқлар, шу жумладан, иккита Ренессанснинг бошида турган халқимиз учун саводхонлик мезони неча минг йиллик тарихга эга. Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларида “савод” сўзи ўндан ортиқ маънода қўллангани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонида шундай мисра бор:
Узуб ҳикмат авроқини тундбод,
Кутуб учтию элга қолди савод.
Бу ўринда “савод” сўзи қоралама, яъни ёзувнинг биринчи нусхаси, деган маънони англатади. Ўз навбатида, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги:
Учунчи ой равон бўлди саводи,
Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди, –
мисраларида “савод” сўзи – ёзув-чизувни ўрганиб олганлик ҳолатидан дарак бериб келмоқда.
Бугунги кунда ҳам луғатимиздаги савод, саводхонлик, саводлилик сўзлари шундай маъноларга жуда яқин тушунчаларни ифодалайди. Хусусан, саводхонлик:
биринчидан, аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бўлиб, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмаси – хат-саводлиликни билдиради;
иккинчидан, одамнинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакалари борлигини англатади;
учинчидан, муайян соҳа бўйича етарли билимга эгаликни ифодалайди.
Халқимиз нафақат билимли ва маълумотли, балки кўп ўқиган, мустақил фикрловчи инсонларга ҳам саводли дея баҳо беради. Зеро, савод – билим, тушунча ва тажрибадир.
Шу билан бирга, саводхонликнинг зидди бўлган “саводсизлик” сўзи саводнинг йўқлигини англатиш учун қўлланади. Саводсиз, одатда, ўқиш-ёзишни билмайди. Саводсизлик – етарли билим ва маълумотнинг мавжуд эмаслигидир.
Халқаро саводхонлик куни дунё миқёсида нишонланиши бежиз эмас. Чунки саводхонлик – инсон учун том маънода байрам. Бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар.
Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфайли бундай бахтдан мосуво инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор.
Айрим мамлакатларда биргина болакайнинг бошланғич таълим олиши учун бутун бошли оила маблағ жамғаришига тўғри келади. Баъзи мамлакатларда хотин-қизларнинг хат-саводли бўлиши шарт эмас, деган алмисоқдан қолган тушунча ҳали ҳам кучда.
Қаердадир мактаблар етишмайди. Яна қаердадир урушларнинг тинмаётгани мактаблардаги ўқиш-ўқитиш имкониятларини чиппакка чиқармоқда. Сўнгги таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги 10 ёшли барча болаларнинг учдан икки қисми мутлақо ўқишни билмайди.
Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги узоқ йиллик изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, дунё миқёсида 773 миллион нафардан зиёд инсон ҳатто бошланғич хат-саводга эга эмас. Бу рақам саводсизлик муаммосининг ҳалигача долзарблигидан далолатдир.
Шунинг учун ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ҳамда таълим-маърифат муассасалари вакиллари ҳар йили Халқаро саводхонлик кунини нишонлашда фаол иштирок этади. Инсоният саводхонлигини юксалтириш ишига улуғвор ҳисса қўшган шахслар халқаро мукофотлар билан тақдирланади.
Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Зеро, кейинги етти йил ичида миллий таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Ғулом МИРЗО
