Озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси
Жорий йилнинг 25 март куни Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция айнан шу мавзуга бағишланди.
Унда БМТ наркотик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, қатор давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар мутахассислари, шунингдек мамлакатимиз ҳамда хорижий олий таълим муассасаларидан, шу жумладан халқаро экспертлар иштирок этди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов кириш сўзи билан иштирок этиб, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш, соҳадаги миллий қонунчиликни халқаро стандартлар ва нормаларга мувофиқлаштириш масалаларига, шунингдек, бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалий ишлар ва ўзгаришлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизм миллий тажрибаси”, “Ўзбекистон Республикаси жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти”, “Озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар хавфсизлигини таъминлашнинг криминологик муаммолари”, “Европа пенитенциар тизимларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тажрибаси”, “Қирғизистон Республикасида маҳкумларни дерадикализация ва қайта ижтимоийлаштириш инсон ҳуқуқлари кафолати сифатида” ва бошқа долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.
Онлайн мулоқотда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қарағанда академияси, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Сибир юридик институти ва Туркия Республикасининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси вакиллари ўз мушоҳадалари билан ўртоқлашдилар.
Ташкилотчилар томонидан конференция якунлари бўйича илмий мақолалар тўпламини чоп этиш режалаштирилган.
Ўзбекча
English
Русский