Инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курси тингловчиларига сертификатлар топширилди

2022 йил 20 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари” мавзусидаги ўқув курси якунланди.

Семинарнинг иккинчи куни соҳа мутахассислари иштирокида қатор долзарб мавзулар бўйича маърузалар тингланди.

Хусусан, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш палатаси раиси Бобоқул Тошев «Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ОАВ роли», Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова «Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш — давлат сиёсатининг муҳим йўналиши», Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткир Очилов «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси», АОКА бўлим бошлиғи Садоқат Асланова «Ахборот жамиятида инсон ҳуқуқларини таъминлашда сўз эркинлиги муҳим индикатор сифатида» мавзуларида чиқишлар қилди. 

Вазирлик, идора ва ташкилотлар матбуот котиблари семинар машғулотлари давомида:

  • инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг роли;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Омбудсман институтининг вазифалари;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича миллий маърузаларни тайёрлаш, маърузаларнинг кўриб чиқилиши натижалари бўйича халқаро органлар тавсияларини бажариш тартиби;
  • БМТ Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциясининг мазмун-моҳияти;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ОАВнинг роли;
  • Ўзбекистонда бола ҳукуқларини таъминлаш – давлат сиёсатнинг муҳим йўналиши;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижроси ҳақида;
  • ахборот жамиятида инсон ҳуқуқларини таъминлашда сўз эркинлиги муҳим индикатор каби мавзуларда билим ва кўникмаларини оширди.

Ўқув курси якунида давлат ташкилотларида жамоатчилик билан алоқалар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик учун масъул ходимларнинг 40 нафар вакилига  махсус сертификатлар топширилди. 

          

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech