Миллий тараққиётнинг янги ислоҳотлар босқичида халқчил Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган асосий масалага айланди. Маълумки, ҳар бир давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида инсон ҳуқуқлари масаласи демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Шундай қадамлардан бири, Президентимизнинг 2020 йил
22 июнда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига биноан мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланди. Бунда:
инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
адолатли ижтимоий сиёсат юритиш;
инсон капиталини ривожлантириш;
маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш каби долзарб вазифалар кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги поғонага кўтариш мақсадида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, инсонпарварлик, адолат, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд процессида тортишувчилик, “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш каби жиҳатларни инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида бўлиб ўтган “Халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш тараққиётимизнинг бош мезони” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақда сўз борди.
Конференцияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов “Халқпарвар давлат барпо этишнинг назарий ва амалий муаммолари”, академик Саидаҳрор Ғуломов “Инсон капиталини ривожлантиришнинг долзарб масалалари”, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоев “Давлат – инсон учун тамойили ижросини таъминлашнинг илмий-амалий жиҳатлари”, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари”, Жамоат хавфсизлиги университети профессори Муҳаммади Усмонов “Ёшлар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзуларида маъруза қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.06.2022
- Кўришлар: 4644
- Чоп этиш