КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРГА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ ВАКИЛЛАРИ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА?

Тошкентда “Конституциявий ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти институтлари: таклиф ва тавсиялар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Конституциявий комиссия аъзолари, олимлар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Конституциявий комиссия раиси А.Саидов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси К.Эшонхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг хоҳиш-истаги, эзгу мақсадлари ифодаси, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.

Шу боис, бу жараён халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда, Конституциявий комиссияга кенг жамоатчилик томонидан кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушяпти. Ўз навбатцда, Конституциявий комиссия томонцдан ҳар бир таклиф атрофлича ўрганилиши баробарида кенг жамоатчилик, мутахассислар иштирокида ташкил этилаётган очиқ мулоқотларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.

Бу галги давра суҳбатида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан келиб тушаётган таклиф ва тавсиялар хусусида фикр алмашилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари конституциявий ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Маълумотларга кўра, ҳудудларда конституциявий ислоҳотлар тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар давомцда ННТлари вакиллари ва фуқаролардан Конституцияга ўзгартириш киритишга оид юздан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Уларда Асосий қонунимизда “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини мустаҳкамлаш, ННТлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жамоат ташкилотлари мақомини кучайтириш масалалари ўз ифодасини топган. Хусусан, ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқи ва манфаатини таъминлаш, “инсон — жамият — давлат" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, оила институтини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, нуронийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, экологияга оид масалаларнинг конституциявий ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш хусусида таклифлар илгари сурилмоқда.

— Жамиятимизда қизғин давом этаётган конституциявий ислоҳотларни кенг жамоатчилик, айниқса, халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлаётгани қувонарлидир, — деди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёржон Машарипов. — Бу халқимиз, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг жамиятдаги ислоҳотларда фаоллигини англатади. Бугунги тадбирда ҳам пойтахтимизда ва вилоятларда фаолият юритаётган 40 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, кўплаб таклифларни илгари сурди.

Давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаоллигини янада кучайтириш билан боғлиқ қатор таклифлар айтилди. Билдирилган ҳар бир таклиф тадбирда иштирок этаётган олимлар, экспертлар, ННТлари вакиллари томонидан муҳокама қилинди, уларнинг ҳуқуқий асослари ва қонунчиликка мослаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳуқуқшунослар, олимлар, тажрибали мутахассислар ва экспертлар муҳокамасидан ўтган таклифлар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилади.

Баҳор ҲАЗРАТҚУЛОВА, "Янги Ўзбекистон" мухбири

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech