Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси
Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев айтганидек: “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.
Бугунги янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда, барча тармоқ, соҳа ва йўналишларда амалга оширилаётган ишларнинг асосида янгича руҳ, янгича кайфият ва вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган янгича ҳаёт мазмуни кириб бормоқда.
Ислоҳотларнинг марказида – халққа хизмат қилиш, аҳолини рози қилиш, уларнинг дарди билан яшаш, муаммоларини ҳал этиш устувор масалага айланган.
Бундай жараёнларда очиқлик ва ошкораликка амал қилган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги асосий натижа ва халқаро эътироф сифатида Ўзбекистоннинг илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021–2023 йилларга сайланганини айтиб ўтиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, инсон хуқуқларини таъминлашда меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масалалари устувор аҳамият касб этиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Мазкур йўналишдаги тизимли ишларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишида, эришилган натижалар ва энг муҳими, аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатишида қуйидаги устувор тамойиллар асос бўлмоқда. Хусусан:
- давлат бошқаруви органларининг очиқлиги;
- халқ билан мулоқот;
- фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаш;
- хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган фуқароларнинг хуқуқларини тизимли таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш;
- муносиб меҳнат тизимига халқаро стандартларни жорий этиш.
Ушбу тамойиллар асосида амалга оширилган ишлар барча соҳаларни, шу жумладан, меҳнат бозори ва меҳнат муносабатлари тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда соҳада амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида аниқ натижаларга эришилди. Хусусан, 2022 йил 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси Ўзбекистонга нисбатан қўйилган “пахта бойкоти” бекор қилинганини расман эълон қилди.
“Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига қўйилган глобал бойкотнинг бекор қилиниши мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг ёрқин мисоли бўлди.
Қайд этиш жоизки, ўзбек пахтасига қўйилган бойкотнинг бекор қилиниши юртимизда, биринчи навбатда, ҳудудларда миллионлаб янги муносиб иш ўринларини яратишга, аҳолининг бандлик даражасини оширишга хизмат қилади, янги бозорларни очади, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга имкон яратади.
Шунингдек, 2016 йилда Ўзбекистонда тизимли болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Бу натижани инобатга олган ҳолда Европарламент Ўзбекистоннинг текстил протоколига қўшилиши ҳақидаги қарорни қабул қилди.
2020 йилда АҚШ Савдо вакили (USTR) Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мезони бўйича АҚШнинг Преференциялар бош тизимига (GSP) мувофиқлигини эълон қилди, шунингдек Еврокомиссия таҳлиллари асосида Ўзбекистон “GSP+”да қатнашиш мезонларига жавоб беради деган хулосага келди.
2021 йилда АҚШ давлат департаменти Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон позициясини иккинчи тоифага мансуб мамлакатлар рўйхатига киритди.
Эришилган муваффақиятлар – бу меҳнат муносабатлари соҳасидаги кенг кўламли тизимли ислоҳотларнинг самараси бўлиб, улар қуйидаги йўналишларда амалга оширилди:
1) қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;
2) халқаро стандартларни имплементация қилиш;
3) қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш;
4) институционал асосларни ривожлантириш;
5) тизимли мониторинг ва тадқиқотлар олиб бориш;
6) фуқаролик жамияти ва ихтисослашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш.
Миллий қонунчиликни такомиллаштириш
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага доир қонунчилик асосларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2021 йилда 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шундан 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 4 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори қабул қилинди.
Жумладан, вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бунинг натижасида болалар меҳнатига йўл қўйган шахсларнинг дастлабки қилмишлари учун жиноий жавобгарлик белгиланди ва болалардан фоҳишалик мақсадида фойдаланиш, уларни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари фаолиятида қатнашишга ундаш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асосларини соддалаштириш юзасидан қонун қабул қилинди. Қонун билан унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга ҳам фарзанд асраб олишга рухсат берилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли ҳамда “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли конвенциялари ратификация қилинди.
Ушбу конвенцияларнинг ратификация қилиниши меҳнат хавфсизлиги ва гигиена соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
Миллий қонунчиликни такомиллаштиришда асосий эътибор халқаро нормаларни ва стандартларни имплементация қилишга қаратилди. Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, охирги 10 йил давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 19 та конвенциясини, шу жумладан 8 та асосий ва 4 та директив конвенциясини ратификация қилган.
Ўзбекистон ҳар йили Халқаро меҳнат ташкилотининг ўртача 2 та конвенциясини ратификация қилиб, Ташкилотнинг 100 йиллигига бағишланган халқаро меҳнат стандартларини ратификация қилиш кампаниясида фаол иштирок этди.
Шундай қилиб, мажбурий меҳнатга қарши курашишда қонунчилик базасини такомиллаштириш ва халқаро конвенцияларни ратификация қилиш орқали ушбу соҳада хуқуқий бўшлиқлар бартараф этилди ва жиноят учун жазо халқаро стандартларга мос равишда кучайтирилди.
Ташкилий-институционал базани ривожлантириш
Муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этиш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида институционал базани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссияларнинг ташкил этилгани, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилгани мазкур йўналишдаги ишларни ҳам миллий, ҳам маҳаллий даражада комплекс мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Миллий комиссия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири – барча фуқаролар учун қулай ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат хуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши курашишда аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлашдир.
Миллий комиссия тегишли вазирлик ва идоралар фаолия тини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти, шу жумладан хорижий ҳамкорлар билан ўзаро дўстона муносабатларни кучайтириш бўйи ча комплекс чора- тадбирларни амалга оширади. Комплекс чора- тадбирларни ишлаб чиқишда халқаро ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг барча тавсиялари инобатга олинади.
Шунингдек, миллий комиссия ўз фаолиятида, биринчи навбатда, миллий қонунчиликни ва ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, халқаро стандартларни имплементация қилиш, институционал асосларни ривожлантириш, соҳада амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини тизимли таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларнинг ечимига тизимли ёндашишга эътибор қаратади. Ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти вакиллари ва тегишли халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу ўринда Миллий комиссия фаолиятининг мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги ўзига хос хусусиятларини таъкидлаш муҳим ҳисоб ланади, яъни:
- мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштиради ҳамда ижросини назорат қилади;
- мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш амалиётини мониторинг қилади;
- мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Таъкидлаш керакки, мажбурий меҳнатга қарши курашишда Халқаро меҳнат ташкилотининг тамойиллари асосида 2018 йилда иш берувчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Конфедерациянинг ташкил этилиши мамлакатимизда меҳнат муносабатлари соҳасида уч томонлама ҳамкорликнинг тўлиқ йўлга қўйилишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон 2019 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли конвенциясини ратификация қилди ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика Уч томонлама комиссияси ҳам тузилди.
Комиссия томонидан қисқа вақт давомида ўз фаолияти доирасида ижтимоий меҳнат соҳасига оид 120 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойи ҳалари кўриб чиқилди. Қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривож лантириш мисли кўрилмаган қадам бўлди, унинг мақсади тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларини, жумладан хомашё етиштиришдан тортиб то уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи бирлаштирган ягона занжирни шакллантиришдир.
Умуман, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Пахта етиштириш ва териш жараёнларини механизациялаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. 2021 йилда пахта териш машиналари ёрдамида пахта хомашёсининг қарийб 12 фоизи (2020 йилда 8,5 фоизи) териб олинди.
Бундан ташқари, пахта теримчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилда 1 кг қўлда терилган пахта хомашёси учун тўлов 2015 йилга нисбатан қарийб 10 баробар оширилди. Бу борадаги ишлар мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олишда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилди.
Мониторинг натижалари
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида меҳнат муносабатларига риоя қилиниши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши курашиш юзасидан тизимли мониторинг ишлари йўлга қўйилган.
Бу борада 2015 йилдан бошлаб Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан “Учинчи томон мониторинги” ўтказилмоқда. Унинг мақсади пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишдан иборат.
Шуни таъкидлаш жоизки, мониторинг ишлари дастлабки йилларда халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган бўлса, 2018 йилдан бошлаб бу ишларга маҳаллий фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ҳам жалб этила бошланди. 2021 йилда эса мониторинг тўлиқ фуқаролик жамияти институтлари вакиллари бўлган мустақил кузатувчилар томонидан ўтказилди.
Эътиборлиси, сўнгги 6 йил давомида ўтказилган мониторинглар натижалари тизимли мажбурий меҳнатнинг йўқлигини кўрсатиб келмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан Ўзбекистонда 2021 йилда ҳам пахта йиғим-терими давомида тизимли мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмагани тўғрисида якуний хулоса билдирилди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти ушбу йўналишдаги мониторинг ишлари тўлиқ Ўзбекистон томонига топширилганини эълон қилди.
Яна бир муҳим жиҳат, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги”дан ташқари, ҳар йили Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Миллий мониторинг ҳамда Меҳнат инспекциясининг мониторинги ўтказилмоқда. Сенатор ва жойлардаги депутатлар томонидан журналист ва блогерларни жалб этган ҳолда парламент назорати ўрнатилди. Мазкур мониторинг ишларига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам кенг жалб этилмоқда.
Ушбу жараёнларда ахборот кампаниясини ташкил этиш ва уни амалга ошириш муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолининг мажбурий меҳнатнинг салбий омиллари тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йил давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида 20 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Барча туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум жойларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида мингдан ортиқ баннер ўрнатилди, 1 млн дан ортиқ флаер, 10 минг дона плакат тарқатилди.
Халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш
Мамлакатимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкор давлатлар билан самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бош қармаси, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги ҳамда “Cotton Campaign” коалицияси каби хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича мунтазам равишда комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон меҳнат бозорида демографик юк юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Ҳозирги вақтда меҳнатга лаёқатли аҳолининг сони қарийб 20 млн, иш билан бандлар сони 15 млн, ишга муҳтожлар сони 1 млн 300 минг кишини ташкил этади, ҳар йили 600 мингдан ортиқ ёшлар катта ҳаётга қадам қўймоқда ва уларни ишга жойлаштириш зарурати мавжуд.
Ушбу масаланинг самарали ечими сифатида Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида Ўзбекистонда бандликка кўмаклашиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Стратегияни амалга оширишнинг мақсадли йўналишлари этиб:
- меҳнат бозорининг истиқболли талабларига мувофиқ ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорлик асосларига ўқитишни ривожлантириш;
- меҳнат бозорида рақобатдош бўлмаган шахсларни, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
- норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рағбатлантириш мақсадида меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштириш;
- хавфсиз, уюшган ва қонуний ички ҳамда ташқи меҳнат миграцияси тизимини ривожлантириш;
- халқаро стандартларни жорий этиш орқали меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш белгиланган.
Яна бир муҳим жиҳат, Халқаро меҳнат ташкилотининг бутун асрлик фаолияти давомида муносиб меҳнат масаласи кун тартибида марказий ўринни эгаллаб келган ва эгаллаб келмоқда. Бироқ фақат шу асрнинг сўнгги ўн йилликларида ушбу масала кенг қамровли, глобал хусусият касб этди. Бу кўпроқ давлатларнинг фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганлиги билан боғлиқ.
Бундай шароитларда давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг барча – миллий, минтақавий ва глобал даражаларда муносиб меҳнат тамойиллари бўйича саъй-ҳаракатлари янги стратегик имкониятларни очиб беради ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасида сақланиб қолган муаммоларни самарали ҳал қилади.
Мамлакатимизнинг Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлигининг асоси сифатида 2014 йилда қабул қилинган, кейинчалик ижроси 2020 йилга қадар узайтирилган “2014–2016-йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури”ни келтириб ўтишимиз мумкин. Ўтган давр мобайнида ушбу дастурда кўзда тутилган барча чоралар тўлиқ амалга оширилди.
Мазкур ҳамкорликни тизимли давом эттириш ва янада ривожлантириш мақсадида 2021 йилнинг сентябрида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури қабул қилинди. Дастурда асосий эътибор халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришга, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилди.
Бу муносиб меҳнат индикаторлари истиқболда иқтисодий имкониятларни ривожлантиришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, янги иш ўринларини яратишга, энг муҳими, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлар билан меҳнат муносабатлари соҳасидаги “Better Work” ва “BCI” халқаро стандартларини жорий этиш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. 2021 йил охирида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банкига “Better Work” дастурини амалга оширишга кўмаклашиш имкониятини кўриб чиқиш учун мурожаат қилди ва ижобий жавоб олди. Бугунги кунда ушбу халқаро стандарларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, айнан кучли сиёсий ирода ва ислоҳотларга комплекс ёндашув, қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор иқтисодиёти тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, шу билан бирга терилган пахта учун тўлов миқдори оширилгани, меҳнат ва дам олиш шароити сезиларли даражада яхшилангани, давлат ва жамоатчилик томонидан бу йўналиш доимий назоратга олингани сабабли мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ижобий натижаларга эришилди ҳамда бу борадаги ишлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилди.
Мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ушбу масала бўйича таъсис этилган Миллий маърузачи томонидан таҳлил қилиниб, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши анъанага айланган.
2021 йил якунлари бўйича ҳам Ўзбекистонда мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, натижалари юзасидан давлатимиз раҳбарига таҳлилий ахборот киритилди.
Шунингдек, ушбу масала Миллий комиссиянинг яқинда бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилиниб, таҳлилий ахборотда қайд этилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича алоҳида “йўл харитаси” қабул қилинди.
Унга асосан жорий йилда ҳам мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги ишлар тизимли давом эттирилиб, халқаро ташкилотлар билан алоқалар янада кучайтирилади, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида янги лойиҳалар ва чора- тадбирлар амалга оширилади.
Хусусан, соҳага оид миллий қонунчилик халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилади, меҳнат соҳасидаги қатор конвенцияларни ратификация қилиш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, нафақат қишлоқ хўжалиги, балки қурилиш, ипакчилик, умумий овқатланиш тармоқларида ҳам меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишининг олдини олишга оид мониторинг ишлари олиб борилади. Албатта, бу ишларга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари кенг жалб этилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар тизимли давом эттирилиб, асосий эътибор соҳада муносиб, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга, муносиб меҳнат учун муносиб ҳақ тўланишига, соҳани механизациялаштиришга қаратилади.
Миллий тўқимачилик корхоналари ҳамда ушбу соҳада фаолият юритаётган халқаро нуфузга эга корхоналар билан манзилли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича алоҳида комплекс чоралар амалга оширилади.
Халқаро тан олинган меҳнат соҳасидаги стандартларни татбиқ этиш ишлари янада фаоллаштирилади. Бу, ўз ўрнида, мамлакатимиз учун янги бозорларнинг очилишига, янги инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишига имкон яратади.
ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР:
- Миллий қонунчилик халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилади, меҳнат соҳасидаги қатор конвенциялар ратификация қилинади;
- Мажбурий меҳнат бўйича ўтказиладиган мониторинг ишлари тизимли давом эттирилади;
- 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида тизимли ислоҳотлар олиб борилади;
- Миллий тўқимачилик корхоналари ҳамда ушбу соҳада фаолият юритаётган халқаро нуфузга эга корхоналар билан манзилли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича алоҳида комплекс чора-тадбирлар қабул қилинади;
- “Better Work” ва “BCI” каби меҳнат соҳасидаги стандартларни татбиқ этиш ишлари янада фаоллаштирилади;
- Мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ахборот- тарғибот кампанияси амалга оширилади;
- Нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳнат соҳаси ва ижтимоий йўналишлардаги фаолияти учун молиявий грантлар ажратиш ишлари ташкил этилади.
Манба: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали, 2(94) – 2022.
- Қўшилди: 14.06.2022
- Кўришлар: 4082
- Чоп этиш