“Лев Толстой – ҳар бир ёзувчи учун академиядир”.
А.Н.Толстой*
Жаҳон адабиётининг улкан намояндаси, нодир истеъдод соҳиби Лев Николаевич Толстойнинг бебаҳо бадиий-ижодий меросига назар ташласак, уч муҳташам адабий қаср – “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” ҳамда “Тирилиш” романлари алоҳида ажралиб турганига гувоҳ бўламиз. Улар орасида ҳам мазмунан, ҳам ҳажман энг улуғвори “Уруш ва тинчлик”[1] роман-эпопеясидир.
Л.Н. Толстой ушбу асарни 1863 – 1869 йилларда ёзган. Асар ғояси эса адиб хаёлини бундан ҳам олдинроқ банд этган.
Л.Н. Толстой 1861 йилнинг март ойида машҳур рус ёзувчиси, публицисти ва файласуфи А.И. Герценга ёзган мактубида тўрт ой олдин “бош қаҳрамони декабрист бўлиши назарда тутилган роман” ёзишга киришганини таъкидлаган[2]. Аммо ўз ижодига нисбатан ниҳоятда талабчан адиб ушбу романни ёзиш жараёнида сюжеть ва ғояни янада кенгайтириш, буткул бошқа йўналишда асар ёзиш фикрига келган. Натижада декабристлар тўғрисидаги роман тугалланмаган, унинг ёзилган қисмидан эса ёзувчи “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясида фойдаланган.
Адибнинг турмуш ўртоғи Софья Андреевна 1863 йил 23 февралда опасига ёзган мактубида Л.Н. Толстой янги роман ёзишга киришганини қайд этган. Л.Н. Толстой синглиси Мария Николаевнага ўша йилнинг 8 март санасида ёзган хатида ҳам роман ёзаётганини айтиб ўтган. Бу маълумотлар Л.Н. Толстой “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясини 1863 йилда ёза бошлаганини тасдиқлайди.
1865-1866 йилларда “Русский вестник” журналида роман-эпопеянинг дастлабки қисмлари “1805 йил” номи билан нашр этилган. 1869 йилда Л.Н. Толстой ушбу улкан ижодий асарни ниҳоят якунлаб, унга “Уруш ва тинчлик” дея ном берган.
Л.Н. Толстой ҳажман улкан, шаклан бетакрор ва мазмунан серқирра ушбу асарга муносиб ном топиш устида узоқ вақт ўйланган. Ижод жараёнида “Уч кемтик” (“Три поры”), “1805 йил” (“1805 год”), “Охири хайрли ишларнинг барчаси яхши” (“Все хорошо, что хорошо кончается”) деган номлардан фойдалангани манбаларда қайд этилган[3]. Алал-оқибат эса “Уруш ва тинчлик” деган якуний тўхтамга келган.
Асарнинг бундай номланиши борасида адабиётшунос олимлар 3 хил тахминни илгари сурадилар.
Биринчидан, Л.Н. Толстой франциялик сиёсатчи, иқтисодчи, публицист, файласуф ва социолог Пьер-Жозеф Прудоннинг 1861 йилда ёзилган ва рус тилидаги таржимаси Россияда 1864 йилда нашр этилган “Уруш ва тинчлик” (“La Guerre et la Paix”) фалсафий трактатидан таъсирланган бўлиши мумкин.
Иккинчидан, россиялик публицист, ёзувчи ва файласуф Александр Герценнинг 1855 – 1860 йиллардаги мақолалари жамланган “Беш йил давомида” (“За пять лет”) номли тўпламнинг “Уруш ва тинчлик” бўлимида сиёсий мавзудаги памфлетлар тақдим этилган. Л.Н. Толстой “Беш йил давомида” китоби билан таниш бўлгани ва ўз асарига ном топишда ушбу тўплам унга туртки бергани эҳтимолдан холи эмас.
Учинчидан, буюк рус шоири, носири ва драматурги Александр Сергеевич Пушкиннинг 1825 йилда ёзилган “Борис Годунов” драмасида шундай парча мавжуд:
“Ҳар нарсангни шу тарихга ёзиб бор, яъни:
Уруш, яраш, юрт тутуми хусусларини,
Авлиёлар каромати, мўъжизасини,
Осмоний аломатлар ва нишонларни”[4].
Аслияти:
“Описывай, не мудрствуя лукаво,
Всe то, чему свидетель в жизни будешь:
Войну и мир, управу государей,
Угодников святые чудеса,
Пророчества и знаменья небесны”[5].
Айрим адабиётшунослар Л.Н. Толстой ушбу мисралардан илҳомланиб, “Уруш ва тинчлик” номини танлаган, деган фаразни илгари суришади.
Бизнингча, Л.Н. Толстой Прудон асаридан таъсирлангани тўғрисидаги қараш ҳақиқатга анча яқин. Сабаби, Лев Толстой 1860-1861 йилларда Европа бўйлаб амалга оширган саёҳатида Прудон билан шахсан танишган. Демак, улуғ рус адиби француз дўстининг ижодига бефарқ бўлмаган. Қолаверса, XIX асрда рус жамиятида француз тилининг мавқеи устувор бўлгани ва Лев Толстой асарларида француз тилидаги жумлалар кўп бор ишлатилгани ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди, назаримизда.
Кўриниб турибдики, даҳо адиб Лев Толстой тафаккурида тобланган ва қалбида илҳом суви билан суғорилган умуминсоний ва эзгу ғояларни ушбу асарда ифодалашга уринар экан, воқеалар ривожини, қаҳрамонлар тақдири ва хусусиятларини олдиндан қатъий белгиланган йўналишда олиб бормаган, асарни кўп марта таҳрир қилиб, ўзгаришлар киритган. Бу эса Л.Н. Толстой яшаган XIX асрда жаҳон адабиёти учун мутлақо янги ҳодиса ҳисобланган, ўзига хос жанр ва бетакрор услубдаги асар ёзилишига сабаб бўлган.
Шунинг учун ҳам Л.Н. Толстой 1865 йил 3 январда “Русский вестник” журнали ношири М.Н. Катковга йўллаган мактубида: “Мазкур асар роман ҳам, қисса ҳам эмас, унда ечилиши билан тамом бўлиб қоладиган ва қизиқишни сўндирадиган биронта тугун ҳам йўқ. Буларни сизга ёзаётганимга сабаб шуки, мундарижада ҳам, бўлажак эълонларда ҳам менинг асаримни роман, деб атаманг. Бу мен учун жуда муҳим бўлганидан сиздан шуни илтимос қиляпман”,[6] – дея таъкидлаган.
Адабиётшунослик нуқтаи назаридан Л.Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари роман-эпопея жанрига мансуб.
Роман-эпопея – йирик тарихий воқеа-ҳодисаларни қамраб олган, уларни яхлит ҳолда батафсил акс эттирадиган роман туридир. Одатда, роман-эпопеяларда асосий ва иккиламчи қаҳрамонлар сони ниҳоятда кўп бўлади.
Л.Н. Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари роман-эпопея жанрининг барча талабларига тўла мос келади ва жаҳон адабиётида ушбу жанр ривожини янги босқичга олиб чиққан асар ҳисобланади.
“Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясида Франция императори Наполеон Бонапартнинг 1805 – 1807 ҳамда 1812 – 1814 йиллардаги ҳарбий юришлари, шу жумладан Франция – Россия уруши воқеалари тарихи ёритилган. Ўз асарида адиб 500 дан ортиқ бадиий қаҳрамонлардан фойдаланган. Уларнинг баъзилари тарихий шахслар, баъзилари прототиплар, баъзилари эса тўқима бадиий образлардир.
Асарнинг асосий ва чинакам қаҳрамони – она Ватанини босқинчилардан мардонавор ҳимоя қилган рус халқи. Роман-эпопеяда ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятдаги мавқеи турфа хил бўлган кишилар рус заминига бостириб келган умумий душманга қарши бир ёқадан бош чиқариб, бир сафда туриб кураш олиб борганликлари юксак маҳорат билан тасвирланган. Шу билан бирга, ҳар бир қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари ва ботиний дунёси, ўй-фикрлари ва орзу-интилишлари таъсирчан услубда ифодаланган.
Уруш ва тинчлик даврини муқояса қилиш орқали урушнинг даҳшати ва тинчликнинг қадри акс эттирилган. Тарихий воқеалар асносида муҳаббат, садоқат, дўстлик, ватанпарварлик ва жасорат каби эзгу инсоний туйғулар уларнинг акси бўлган нафрат, хиёнат, душманлик, сотқинлик ва қўрқоқлик каби разил иллатлар билан таққосланган. Инсон умри ғаниматлиги, унинг ҳар онини яхшилик ва бунёдкорликка сарфлаш зарурлиги ибратли фалсафий-бадиий мулоҳазалар орқали баён этилган.
1868 – 1869 йилларда “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси биринчи марта алоҳида китоб шаклида нашрдан чиққан. Л.Н. Толстой асарни қайта таҳрирдан ўтказиб, 1869 йилда иккинчи марта чоп эттирган. Шундан кейин ҳам адиб ҳажман улкан ушбу ижод маҳсулини қайта ишлаш ва таҳрир қилишда давом этган. Шу тариқа 1873 йилда роман-эпопеянинг учинчи нашри дунё юзини кўрган.
“Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси нашр этилгач, адабий жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлган. Н.Страхов, В.Соколов, С.Бочаров, П.Анненков каби машҳур рус адабиётшунос олимлари асар ҳақида ёзган тақризларида унга юқори баҳо беришган. Масалан, адабий танқидчи Сергей Бочаров қуйидаги фикрларни қайд этган: “Китоблар ўқувчи хотирасида қандай муҳрланиб қолиши билан характерланади. “Уруш ва тинчлик” ёрқин эпизодлар, алоҳида манзаралар билан ёдда қолади, уларнинг ҳар бири катта маънога эга”[7]. Машҳур рус шоири ва ёзувчиси И.С. Тургенев эса 1880 йилда “XIX аср” номли француз газетаси муҳарририга ёзган мактубида “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясини “буюк ёзувчининг буюк асари” дея таърифлаган[8].
Шунингдек, таниқли ўзбек адабиётшуноси Наим Каримовнинг ушбу асар ҳақида билдирган фикрлари ҳам аҳамиятли: “Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган “Уруш ва тинчлик” эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Ёзувчи “Уруш ва тинчлик” романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган”[9].
Асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан бири сифатида бугунги кунда ҳам севиб мутолаа қилинади. У асосида сериал ва кинофилмлар суратга олинган, опера ва спектакллар саҳналаштирилган.
Тўрт жилддан иборат “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясининг биринчи жилдини 1947 йилда атоқли ўзбек адиби ва таржимони Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилига таржима қилган. Унинг иккинчи ва учинчи жилдини Абдулла Қаҳҳор ҳамда унинг турмуш ўртоғи, таниқли таржимон Кибриё Қаҳҳорова ҳамкорликда ўзбек тилига ўгиришган. Роман-эпопеянинг сўнгги тўртинчи жилдини эса Кибриё Қаҳҳорова она тилимизга таржима қилган.
Ўзбек тилида бир неча бор нашр этилган “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеяси халқимизнинг энг севимли асарларидан бири ҳисобланади.
Қадрли мутолаа ихлосмандлари, жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири – “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясидан саралаб олинган ҳикматли фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Ушбу ҳаётий-фалсафий мушоҳадалар маънавий оламингизни бойитиб, Сизни умумбашарият адиби Лев Толстой ижодига яқинлаштиради деган умиддамиз.
* * *
Руҳан азоб чекаётган кишида саломатлик қаёқда дейсиз?
* * *
Дунёда бахт деган нарса баъзан жуда адолатсизлик билан тақсим қилинар экан.
* * *
Агар ҳамма фақат ўз эътиқоди асосида урушадиган бўлса, дунёда уруш деган нарса бўлмас эди.
* * *
Хотинга боғланиб қолдингми, демак, кишанга тушдинг – бутун эркингни йўқотасан. Дилингдаги бутун умид, белингдаги бутун қувват – ҳаммаси ўзингга ортиқча юк бўлади: пушаймондан азоб чекканинг чеккан.
* * *
Немис бурганинг ҳам ёғини олади.
* * *
Ёвғон ошиму беғалва бошим.
* * *
Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади.
* * *
Инсонда бўладиган нуқсонларнинг икки манбаи бор: бири – бекорчилик, бири – хурофот.
* * *
Инсонда икки фазилат бор: бири – фаолият, бири – ақл.
* * *
Математика – буюк иш.
* * *
Ҳаракатда баракат деган гап бор.
* * *
Машаққат тортсанг, муродга етасан.
* * *
Ҳамма вақт кулфат лаззатдан кучлироқ бўлади.
* * *
Бойларнинг жаннатга киришидан кўра туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ.
* * *
Агар мендан биров “Дунёда энг катта орзунг нима?” деб сўраса, мен “Қашшоқларнинг қашшоғи бўлиш”, деб жавоб берардим.
* * *
Фақат аҳмоқ одамлар-у фосиқ одамлар саломат бўлмайди.
* * *
Ҳар кимнинг бир камчилиги бўлади.
* * *
Бирон ёққа кетаётганида ёки ҳаётида бирон ўзгариш бўлган вақтда ўз қилмишларини ўйлаб кўриш қобилиятига эга бўлган кишилар одатан жиддий фикр ва мулоҳазалар қилади.
* * *
Стерн айтганидек, “Биз одамларни уларнинг бизга қилган яхшиликларидан кўра ўзимизнинг уларга қилган яхшилигимиз учун кўпроқ яхши кўрамиз”.
* * *
Ҳамма вақт иш чаппасига кетганида нима бўлишини назарга олиб иш тутиш керак.
* * *
Солдатга ўғрилик номус. Солдат деган ҳалол, олижаноб ва жасур бўлиши керак: ўз оғайнисининг нарсасини ўғирлаган бўлса, демак, номуси йўқ.
* * *
Агар одам ўлганидан кейин нима бўлишини билса эди, ҳеч ким ўлимдан қўрқмас эди.
* * *
Нима бўлишингни билмаганлигинг учун қўрқасан.
* * *
Меҳр-муҳаббатнинг ҳеч кимга оғирлиги йўқ.
* * *
Кийим одамни чиройли қилади.
* * *
Йигитнинг ақли кўзида бўлади.
* * *
Қўрққан одамнинг афт-ангорини кийим билан ўзгартириб бўлмас.
* * *
Кўнгил яқин – йўл яқин.
* * *
Эр танлаш қизнинг ўз ихтиёрида.
* * *
Суворовнинг “Душманга ўзингни ҳужум қилгани қўйма, ўзинг ҳужум қил” деган қоидасини эсдан чиқариш керак эмас.
* * *
Ботирлик ёшга қарамайди.
* * *
Қани энди, одам бу дунёда кимдан ёрдам сўрашни-ю, у дунёда нима бўлишини билса!
* * *
Ҳамма нарсанинг ҳеч нарсага арзимаслигидан ва англаб бўлмайдиган, лекин жуда муҳим аллақандай бир нарсанинг буюклигидан бошқа ҳеч, ҳеч тўғри гап йўқ!
* * *
Модомики тирик экансан, яшай бер.
* * *
Абадиятга нисбатан бир лаҳзагина умринг қолганда шунга шунчалик азоб-уқубат чекиб ўтиришга арзийдими?
* * *
Тўлғоқ тутаётган хотиннинг дард чекаётганлигидан ҳамма хабардор бўлса, туғиши қийин бўлади.
* * *
Эзгуликни ҳеч ким яхши кўрмайди, эзгулик ҳамманинг кўзига чўп бўлиб тиқилади.
* * *
Аҳмоқ одам таваккал деб ўйнайди. Ўйнаганда, албатта, ютаман деб ўйнаш керак.
* * *
Муҳаббатда омади бўлган кишининг картада омади бўлмайди.
* * *
Номардлик ҳар кимда ҳам бўлади.
* * *
Ўлсанг, ҳаммаси тамом бўлади. Ўлсанг ё ҳаммасини биласан ёки қайтиб сўрамайсан.
* * *
Ўлим ҳам жуда қўрқинчли.
* * *
Ҳамма нарсани барбод қиладиган ва бугунми, эртами келадиган ажал абадиятга нисбатан кўз очиб юмгунча барибир келиб ёқангдан ушлайди.
* * *
Ҳеч қандай ҳақиқат топилган эмас. Ҳеч қандай ҳақиқатнинг тагига етиб бўлмайди.
* * *
Биз фақат билмаслигимизнигина биламиз. Мана шунинг ўзи инсон заковатининг энг олий нуқтасидир.
* * *
Ҳеч ким якка ўзи ҳақиқатга етиша олмайди.
* * *
Худони ақл билан билиб бўлмайди, уни ҳаётда билади киши.
* * *
Ҳикмати илоҳи ва ҳақиқат ичмоғимиз керак бўлган покиза сув демакдир.
* * *
Ҳикмати илоҳи фақат ақлу идрокка, физика, тарих, кимё ва бошқа дунёвий илмлардан мураккаб бўлган билимга асосланган эмас. Ҳикмати илоҳи ягонадир. Ҳикмати илоҳи бир илмдан ҳамма нарсани, оламнинг яратилиши ва унда инсоннинг тутган ўрнини тушунтириб берадиган илмдан иборат. Бу илмни забт этиш учун одам ўзини, кўнглини пок қилиши керакдир. Шунинг учун бу илмни билишдан олдин эътиқод қилиш ва такомиллашиш лозим. Бу мақсадларга эришмоқ учун қалбимизга виждон отли нури илоҳий жойлаштирилгандир.
* * *
Безор бўлсанг, бу ҳаётингни ўзгартир, ўзингни пок қил, пок бўлганинг сайин ҳикмати илоҳини тушунаверасан.
* * *
Мададни фақат худодан сўраш керак.
* * *
Ўлим эзгулик йўлида риёзат чеккан руҳни роҳат ва фароғатга элтиш учун бу дунёнинг касиратидан қутқарадиган дўст.
* * *
Иеороглиф – ҳис қилиб бўлмайдиган ва тасвир қилинган нарсадаги сифатларга эга бўлган нарсанинг номидир.
* * *
Кайфи сафони эҳтиросдан эмас, ўз қалбингиздан истанг. Кайф-сафо манбаи сиздан ташқари эмас, ўзингизда.
* * *
Тенгликни бузадиган бирон ҳаракатдан ўзингни сақла. Ким бўлмасин, одам боласига дарҳол ёрдам қил, гумроҳга йўл кўрсат, йиқилаётганини суяб қол, одам боласига ҳеч қачон душманлик қилма, ғазабланма. Хушфеъл ва хушмуомала бўл. Барчанинг кўнглида эзгулик оловини ёқ. Бахт-саодатни одам боласи билан баҳам кўр, шунда бу фароғатингга ҳеч қачон ҳасад путур етказмайди.
Душманингни кечир, ундан қасос олма, унга фақатгина яхшилик қил. Олий қонунни мана шундай ижро қилишинг билан сен қадимги, йўқотган шавкатинг изига тушган бўласан.
* * *
Хизматда юқори мартабага эришиш учун ҳаракат, меҳнат, ботирлик, садоқат эмас, балки қилинган хизмат учун мукофот берадиганлар билан муомала қилишни билиш керак.
* * *
Ҳеч нарса абадий бўлмайди.
* * *
Қопағон итни ўлдириш ҳатто савоб.
* * *
Одам ўлдириш яхши эмас, ноинсофлик бўлади.
* * *
Инсоф ва ноинсофлик тўғрисида ўйлаш одамларнинг иши эмас. Одамлар ҳамма нарсадан ҳам кўра инсофни ноинсофликдан ажратиш тўғрисида бир умр адашган ва бундан кейин ҳам адашади.
* * *
Бировга нисбатан қилинган ҳар бир ёвузлик ноинсофлик бўлади.
* * *
Ўзимизга нисбатан қилинган ёвузлик нима эканлигини ҳаммамиз ҳам биламиз.
* * *
Мен ўзим учун ёвузлик деб билган нарсани бировга қилмайман.
* * *
Мен ҳаётда фақат икки нарсани чинакам бахтсизлик деб биламан: виждон азоби ва хасталик. Мана шу икки нарса бўлмаслигининг ўзи хушбахтликдир.
* * *
Ёвузлик қилмаслик, пушаймон бўлмаслик учунгина яшаш кифоя қилмайди.
* * *
Ҳар ким ўз билганича яшайди.
* * *
Шон-шараф нима ўзи? Бу ҳам бошқаларни севиш, ўшалар учун бирон яхшилик қилиш, уларнинг мақтовига сазовор бўлиш деган гап.
* * *
Ҳаётда энг яхши бахт шу эзгулик лаззатидир.
* * *
Бизнинг учун ақлий меҳнат қанчалик зарурат бўлса, унинг учун жисмоний меҳнат ҳам шунчалик зарурат ва ҳаётининг матлабидир.
* * *
Киши ҳаётини мумкин қадар яхшироқ ўтказишга ҳаракат қилиши керак.
* * *
Фақат бизнинг муқаддас биродарлигимизгина ҳаётда чин маънога эгадир; бошқа ҳамма нарса бир туш демакдир.
* * *
Яшаш керак, севиш керак ва шунга ишониш керак.
* * *
Томирлардан қонни чиқариб ташлаб, ўрнига сув қуйсанг, ўшанда уруш бўлмайди.
* * *
Бировга яхшилик қилсам, кўп хурсанд бўламан, лекин адолатсизлик ўрнига адолат ўрнатиш буюк бир бахтдир.
* * *
Қонун мендан кучлироқ.
* * *
Қонунни бажаришдан кўра, ёзиш осонроқ.
* * *
Қонун ёзиш осон, лекин идора қилиш қийин.
* * *
Шараф – ножўя иш қилмаслик ёки шу шарафни ифода қиладиган бирон таҳсин ва мукофотга сазовор бўлиш мусобақасига маълум бир манба демакдир.
* * *
Кўнгилга келган ҳамма нарсани айтавериш ярамайди.
* * *
Ҳалол одам қилган эзгуликлари бадалига шу дунёда абадий мукофотга эришсин.
* * *
Ҳар қандай мажбурий ислоҳот мазамматга сазовордир, чунки одамлар шу кўйича қолаверса, ислоҳот ҳеч қандай яхшилик келтирмайди.
* * *
Ўз туйғулари ҳукмида бўлган киши эзгуликда ҳиссий бир гўзаллик кўра билиши керак. Одам боласининг кўнглидан эҳтиросни чиқариб ташлаб бўлмайди; бу эҳтиросни фақат олижаноб мақсадларга томон йўналтириш керак, шунинг учун ҳам ҳар бир киши ўз эҳтироси нафсини эзгулик доирасида қондириши ва бизнинг тариқатимиз мана шунга воситалар топиб бериши лозим.
* * *
Кундалик турмуш ғалаёнлари ичидагина биз қуйидаги уч асосий мақсадга эриша олишимиз мумкин: биринчиси – ўз-ўзини билиш, чунки инсон ўзини фақат муқояса йўли билангина билиши мумкин; иккинчиси – ўз-ўзини такомиллаштириш, бунга фақат кураш натижасида эришилади; учинчиси – асосий эзгуликка эришиш, бунга фақат ўлимга муҳаббат қўйиш билан муваффақ бўлиш мумкин.
* * *
Ҳаётнинг фонийлиги унинг беҳудалигини кўрсата олади ва ўлимга азалий муҳаббат қўйишимизга ёки янги ҳаёт учун қайта тирилишимизга ёрдам бера олади.
* * *
Э худойи карим, менга ўзинг кўрсатган йўлдан юришга, яъни: 1) қаҳр-ғазабнинг бир қисмини оғирлик ва пурбардорлик билан енгишга; 2) нафсни қаноат ва нафрат билан енгишга; 3) узлатни ихтиёр қилишга, лекин давлат хизматидан, оилага ғамхўрлик қилишдан, дўстона муносабат ва иқтисодий машғулотлардан четланмасликка ёрдам бер.
* * *
Тилим – душманим.
* * *
Етти илм, етти эзгулик, етти қусур, муқаддас руҳнинг етти эҳсони.
* * *
Китоби Муқаддаснинг бу сўзларини ўйлаб ётган эканман: “Абадий ҳаёт инсон учун нурдир, нур қоронғиликда нур сочади ва қоронғилик уни ниҳон қилолмайди”.
* * *
Давлат идораси зулмга эмас, балки мустаҳкам асосга таяниши керак.
* * *
Бахтли бўлиш учун бахтга ишониш керак.
* * *
Тирик бўлгандан кейин яшамоқ, хушбахт бўлмоқ керак.
* * *
Ҳамиша ўзингдан юқорироқ одамлар билан ошначилик қилишинг мумкин ва шундай қилиш керак, чунки ўшандагина бу ошначиликнинг нашъаси бўлади.
* * *
Ҳамма эркаклар фақат ўзларини ақлли деб ҳисоблашади-ю, лекин аслида эса балони ҳам билишмайди, гердайган, худбин бўлишади.
* * *
Жамият учун яшамоқ лозим.
* * *
Баъзан эркакларга эркакча гап ҳам керак бўлади.
* * *
Хотин киши эркакка қанчалик камроқ ёқса, шунчалик содиқроқ бўлади.
* * *
Эр-хотинлик – Худонинг иродаси.
* * *
Инсониятнинг барча мураккаб қонунлари унинг назарида содда ва равшан бир қонундан иборат бўлиб, бу ҳам бўлса – севиш ва ўз жонини фидо этиш қонуни эди, бу қонунни инсоният учун муҳаббат билан азоб чеккан худонинг ўзи яратган.
* * *
Ҳарбий хизматнинг кишини ўзига тортадиган асосий томони ҳам мана шу мажбурий ва ҳеч ким таъна қилолмайдиган бекорчилик бўлиб келган ва бўлажак ҳам.
* * *
Бир кун келиб, ўласан-кетасан киши. Шундай бўлгандан кейин, ёмонлик қилиб нима қиласан?
* * *
Гап куйда эмас, сўзда, куй ўз-ўзидан келаверадиган нарса, сўзсиз куйнинг ўзи бўлмайди, куй фақат қўшиқнинг яхшироқ чиқиши учунгина хизмат қилади.
* * *
Яшамоқ ва яшамоқ учун бирон иш билан шуғулланмоқ керак.
* * *
Одамлар ҳам ҳаётда шу солдатларга ўхшарди: биров иззатталаблик, биров қартабозлик, биров қонун ёзиш, биров хотинбозлик, биров ўйинчоқ, биров сиёсат, биров ов, биров ичкилик, биров давлат ишлари билан шуғулланиб овунарди.
* * *
Менинг Андрюшам у ерда Россия учун том-том қонунлар ёзди. Ҳозир ҳамма ёзадиган бўлиб кетган!
* * *
Ўлим халоскор эрур, ўлим осойиштадир,
Азобдан қутулмоқнинг йўқдир ўзга чораси.
* * *
Хотинларнинг кайфияти ким хушомад қилишига боғлиқ.
* * *
Бировни қоралаш, бошқаларнинг айбини унга тўнкаш жуда осон.
Акмал САИДОВ,
академик
Манба: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали, 2(94) – 2022.
* Алексей Николаевич Толстой (1883 – 1945) – рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. “Муҳандис Гариннинг гиперболоиди” (1927), “Эмигрантлар” (1931), “Пётр I” (1934) каби романлари, “Муҳаббат” (1916), “Парижда” (1921), “Граф Калиостро” (1921), “Ҳайратомуз тарих” (1944) каби қисса ва ҳикоялари, “Сув париси” (1910), “Олтин калит ёхуд Буратинонинг саргузаштлари” (1936), “Шаҳзода Иван ва кулранг бўри” (1940) каби эртаклари, айниқса, машҳур.
[1] Толстой Л.Н. Уруш ва тинчлик: I ва II китоблар // Толстой Л.Н. Танланган асарлар: 2-жилд / таржимонлар Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979. – 784 б.; Толстой Л.Н. Уруш ва тинчлик: III ва IV китоблар // Толстой Л.Н. Танланган асарлар: 3-жилд / таржимонлар Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980. – 852 б.; Толстой Л.Н. Уруш ва тинчлик: I ва II китоблар // таржимонлар Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова. – Т.: “Ўзбекистон”, 2019. – 792 б.; Толстой Л.Н. Уруш ва тинчлик: III ва IV китоблар // таржимонлар Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова. – Т.: “Ўзбекистон”, 2020. – 840 б.
[2] Қаранг: Шкловский В. Лев Толстой // Серия биографий “Жизнь замечательных людей”. – Москва: “Молодая гвардия”, 1963. – С.376.
[3] Қаранг: Зверев А., Туниманов В. Лев Толстой. – Москва: “Молодая гвардия”, 2007. – 784 с.
[4] Пушкин А.С. Борис Годунов // таржимон Чўлпон / Пушкин А.С. Капитан қизи: асарлар тўплами. – Т.: “Ўзбекистон”, 2019. – 151-бет.
[5] Пушкин А.С. Борис Годунов // Пушкин А.С. Собрание сочинений: том 4. – М.: Государственное
издательство художественной литературы, 1960. – С. 221.
[6] Толстой Л.Н. Асосий қаҳрамонларим – ҳақиқат /// таржимон Ортиқбой Абдуллаев // Толстой Л.Н. Асосий қаҳрамонларим – ҳақиқат: қиссалар, мактублар, хотиралар / тўплаб, нашрга тайёрловчи Саиджалол Саидмуродов. – Т.: “Ўзбекистон”, 2019. – 188-бет.
[7] Қаранг: Бочаров С. Роман Л.Толстого “Война и мир” // http://tolstoy-lit.ru/tolstoy/kritika-o-tolstom/bocharov-vojna-i-mir/glava-1.htm.
[8] Қаранг: Тургенев И.С. Полн. собр. соч. и писем: В 28 т. Соч. Т. 15. – М., 1968. – С. 187-188.
[9] Ўзбекистон Миллий энциклопедияси: 8-жилд. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, 2004. – 489-бет.
- Қўшилди: 15.06.2022
- Кўришлар: 7127
- Чоп этиш