Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотлар ходимлари иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш доирасида миллий қонунчилик, қадриятлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги асосий халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажриба инобатга олингани ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларига мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ва умумхалқ муҳокамаси ҳақида батафсил тўхталди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилингани, лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу ўринда, тадбирда Конституцияда ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли эканлиги, олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини-ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги, давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиши ҳамда илмий ва техникавий ижод эркинлигидан ташқари, бадиий ижод эркинлиги берилиши ҳамда маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жамоатчилик муҳокамаси якунида конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланиши таъкидланди.
Д.Маматова, ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 28.06.2022
- Кўришлар: 4248
- Чоп этиш