Конституциявий қонун лойиҳасининг 3 та моддасига янги нормалар киритилиши мумкин

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан сўнг Конституциявий комиссия ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмиталари томонидан маромига етказилмоқда. Муҳокама давомида халқимиздан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклиф асосида иш олиб борилмоқда.

Бугунги кунда таклифлар асосида Конституциявий қонун лойиҳасининг 3 та моддасига янги нормалар киритилиши назарда тутилмоқда. Масалан, Конституциямизнинг 26-моддасига “Шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деган меъёр қўшилиши кўриб чиқилмоқда.  

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлашга қаратилган 37-1-модда киритилмоқда. Унга кўра, “Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради”.  

Бундан ташқари, 41-модда қуйидагича тўлдирилмоқда: “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг ривожлантирилишини таъминлайди”.  

Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасидаги ишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари, Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар гуруҳларида қизғин кечмоқда. Халқимиздан келиб тушган ҳар бир таклиф баҳс-мунозаралар асосида кўриб чиқилиб, Бош қомусимизни халқчил ва пухта қилиб тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.  
 
 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech