Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар билан бирга 15 та янги модда ва битта янги боб киритилмоқда

Конституциявий қонун лойиҳасида фуқаролар томонидан тақдим қилинган 160 мингга яқин таклифлардан ҳам кенг фойдаланилган.

2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда фракция аъзолари Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиевнинг ёзишича, қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 2 ойдан кўп вақт мобайнида аҳолининг барча қатламларини қамраб олган ҳолда, очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ташкил этилди.

Натижада Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар билан бирга 15 та янги модда ва битта янги боб киритилмоқда. Лойиҳада фуқаролар томонидан тақдим қилинган 160 мингга яқин таклифлардан ҳам кенг фойдаланилган.

Фракциялар қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech