Ички ишлар органлари судларга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома киритиши бўйича қулайлик яратилди. Бу ўринда 2022 йил 16 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш” деб номланган янги боб билан тўлдирилгани ҳақида сўз бормоқда.
Олий суд ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур қонун қабул қилингунга қадар ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган. Туманлараро маъмурий судлар эса фақат вилоят марказларида жойлашган. Бу амалиётни фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган эди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, тегишли ишларни кўриб чиқиш эса маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказилди.
Янги меъёрга кўра, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.
Илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан тақдим этилади.
Бундай илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Суд мажлисида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.
Судда илтимосномани кўриб чиқиш ички ишлар органи вакилининг маърузаси билан бошланади. Сўнгра ўзига нисбатан илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс – агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса – адвокат, судга келган бошқа шахсларнинг фикри эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.
Қарор судья томонидан алоҳида хонада чиқарилади. У ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши лозим.
Қарор ички ишлар органи вакили, адвокат ва ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга топширилади. Қарор устидан уч кун ичида ўша шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса, апелляция протести келтириши мумкин.
Апелляция инстанцияси судининг судьяси қарор устидан берилган шикоят ё протестни у келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида якка тартибда кўриб чиқади.
ЎзА хабарида қайд этилганидек, қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар амалиётда қулайлик яратиб, инсонпарварликнинг амалдаги ёрқин намунаси ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.01.2023
- Кўришлар: 4518
- Чоп этиш