9 октябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси раҳбари Ришард Коменда билан учрашди.
Учрашувда аввало шу йил 7-8 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари якунлари ҳақида сўз борди.
А.Саидов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ушбу халқаро анжуманнинг ташаббускорларидан бири сифатида семинарни юқори савияда ўтказишда муносиб ҳисса қўшганини қайд этди. Бунинг учун БМТ Олий комиссари вакили Р.Комендага миннатдорлик изҳор қилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилиш масаласини илгари сураётгани тўғрисида фикр юритилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу жуда муҳим ва фойдали ҳужжатни қабул қилиш билан боғлиқ ташаббусини БМТга аъзо кўплаб давлатлар қўллаб-қувватламоқда. Ҳозир мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш учун мақбул ва қулай имкониятлар пайдо бўлгани эътироф этилди.
Учрашувда келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги Самарқанд форумининг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу форум ҳам ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш мавзусига бағишланиши мақсадга мувофиқ деган фикрга келдилар.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.10.2019
- Кўришлар: 5496
- Чоп этиш