4 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси профессор Маркус Шефер билан учрашди.
Учрашув пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши масаласи бўйича ташкил этилган жамоатчилик эшитуви доирасида бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида меҳмонга мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бу муҳим жараёндаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Хусусан, Марказ томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга тайёргарлик бўйича чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилган. Унда белгиланган вазифалар ҳозирги кунга келиб тўла бажарилди.
Профессор М.Шефер ушбу тадбирга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди. Келгусида ҳам ногиронлар ҳуқуқларига доир масалалар, жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини ўқитишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.12.2019
- Кўришлар: 5141
- Чоп этиш