Москва: Ўзбекистон вакиллари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро таълим дастури билан танишдилар

19 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари Россия университетлари консорциуми ташкил топганининг 10 йиллигига бағишланган конференцияда иштирок этди.

Россия Халқлар дўстлиги университетида ўтказилган ушбу анжуманга Глобаллашув ва инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича илмий институт Бош директори, юридик фанлар номзоди Анастасия Белоусова модераторлик қилди.

Тадбирда Россия Халқлар дўстлиги университетининг Тижорат фаолияти бўйича проректори Сергей Назюта, Россия Федерацияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг қўшма дастури учун масъул Алуаш Рашид, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Девони раҳбарининг ўринбосари Михаил Виноградов ва бошқалар сўзга чиқди.

Россия Халқлар дўстлиги университети Россиянинг энг кўп соҳалар бўйича турли миллатга мансуб мутахассислар тайёрлайдиган ноёб олий таълим муассасасидир. Бугунги кунда Университетда дунёнинг 157 мамлакати вакиллари таҳсил олмоқда.

Жорий йилда “QS World University Rankings рейтинги бўйича Россия Халқлар дўстлиги университети дунёнинг 400 та сара университети рўйхатидан жой олди. Шунингдек, у жаҳондаги “яшил” университетлар рейтингида 38-ўринда турибди.  

Яқин орада Ўзбекистонда Россия Халқлар дўстлиги университетининг ваолатхонаси очилади, деб хабар берди Podrobno.uz сайти. Бу ҳақда мазкур олий таълим муассасаси ректори Владимир Филиппов Россия Федерацияси Федерация кенгаши мажлисида маълум қилган. Ректорнинг фикрича, Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайдиган ваколатхона рус тили бўйича таълим бериш ва педагоглар малакасини ошириш йўналишларида фаолият олиб боради.

Россия Халқлар дўстлиги университети Россия университетлари консорциуми томонидан 10 йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳимояси” қўшма магистрлик дастурининг мувофиқлаштирувчиси ҳамдир. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг қўллаб-қувватлаши билан тузилган ушбу Дастур  Россияда айни йўналишдаги ягона таълим дастури ҳисобланади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмларидан фойдаланиш билимли ва савияли ҳуқуқшунослар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатдаги барча таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларидан таълим бериш тизимини қайта кўриб чиқиш вазифасини кун тартибига қўйди.

Айни пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.  Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш кўзда тутилган. Бу жараёнларда Россия университетлари консорциумининг “Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳимояси” қўшма магистрлик дастури каби синовдан ўтган тажрибаларни ўрганиш фойдадан холи эмас.

Маълумот учун: 2009 йил 19 ноябрда Москвадаги учта етакчи олий ўқув юрти – Россия Халқлар дўстлиги университети, Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (университет) ва Россия Давлат гуманитар университети  ўртасида “Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳимояси” қўшма магистрлик дастурини амалга ошириш учун Консорциум ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган. Дастурни мувофиқлаштириб боришни Россия Халқлар дўстлиги университети ўз зиммасига олган.

2013 йили лойиҳа қамрови умумроссия миқёсида кенгайган. Консорциумга Қозон Федерал университети ва Перм Давлат миллий тадқиқот университети қўшилган. Консорциумга 2015 йилда яна 4 та университет кирган. Натижада эндиликда Россия университетлари консорциуми фаолияти доирасида Россиянинг 9 та етакчи университети “Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳимояси” қўшма магистрлик дастурини амалга ошириш билан шуғулланиб келмоқда.

Консорциум таҳсилини ҳар йили 70 нафардан кўпроқ талаба битиради. Битирувчиларга магистр даражаси берилиб, тегишли шерик-университет расмий дипломи ва Консорциум шаҳодатномаси тақдим этилади.

Ўтган даврда “Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳимояси” қўшма дастури доирасида инсон ҳуқуқларига бағишланган 20 та ўқув курси, 20 та дарслик ва масофавий таълим бўйича 13 та ўқув курси ишлаб чиқилган.

Россия университетлари консорциуми Инсон ҳуқуқлари ва демократлаштириш бўйича Европа университетлараро маркази билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Италиянинг Венеция шаҳрида жойлашагани учун “Венеция Консорциуми” деган ном билан ҳам аталадиган ушбу Марказ Европанинг 41 университетини ўзида бирлаштирган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech