АДОЛАТ ҚАРОР ТОПИШИ ЙЎЛИДА

(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 3-мақола)

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими қабулхонаси ҳамиша фуқаролар билан гавжум бўлади. Улар мамлакатимизнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан адолат излаб келишган.

Кимдир маъмурларнинг ҳуқуқбузарлигидан, бошқа бировлар суд чиқарган адолатсиз ҳукмидан норози эканлигидан шикоят қилиб келишган. Аризачилар Марказга келгунча бошқа турли идораларга мурожаат қилишган. Аммо улардан олган жавоблари ўзларини қаноатлантирмаганлиги сабабли адолат қарор топишида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказдан нажот топиш илинжида бўладилар.

Фуқаролар Марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига, шунингдек почта ва электрон почта орқали ҳам ўз шикоятлари билан мурожаат этадилар. Хусусан, 2016 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга фуқаролар томонидан 2574 та, 2017 йилда 2054 та, 2018 йилда 2026 та мурожаат келиб тушган.

Марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига   фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини, давлат томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш тартиби ва тамойилларини тушунтириш, бузилган ҳуқуқларнинг бартараф этилишида кўмаклашиш вазифаси юкланган.

Кўп йиллик тажрибага эга Отабек Норбоев раҳбарлик қиладиган Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимида юқори малакали ҳуқуқшунослар ишлайди. Улар ҳар бир ариза ортида инсоннинг ҳал қилиниши талаб қилинаётган ҳаётий муаммолари ётганини жуда яхши билишади.

Фуқароларнинг шикоятларида баён этилган ҳар бир далил чуқур таҳлил этилади, уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилганлиги ўз тасдиғини топса, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суди, зарурат туғилса Адлия ва Ички ишлар вазирлиги билан қалин ҳамкорликда ҳақиқат қарор топиши учун баъзан ойлар, йиллар давомида  кураш олиб боришга тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кўрсатиб ўтганидек, “Афсуски, айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етказмоқда.

Шу боисдан ҳам, касбий маҳорат ва маданиятни ошириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб иш кўриш – ҳар бир судьянинг энг устувор вазифаси бўлмоғи лозим.

Судлар томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор, энг аввало, адолатли, қонуний ва асосли бўлиши шарт. Шундагина одамларимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч янада мустаҳкамланади”.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ана шундай ҳолатлар тўғрисида, афсуски, кўплаб мисоллар келтириши мумкин. Бўлим томонидан мунтазам амалга оширилаётган  мониторинглар, таассуфки фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари бузилиши бўйича мурожаатларида суд органлари қарорларидан норозилик баён этилиши кўп учраб тураётганлигидан далолат беради.

Марказга 2017 йилда жисмоний ва юридик шахслар томонидан судлар чиқарган қарорлар юзасидан 542 та, 2018 йилда эса 619 та шикоят келиб тушган.

Масалан, фуқаро М.Мажитовнинг ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисидаги мурожаати тақдим қилинган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиш ва унга тегишли жазо тайинлаш ҳақидаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 21 ноябрь кунги ҳукмини бекор қилиш учун етарли асослар мавжуд эканлиги аниқланди ҳамда бу ҳақда хулоса тузилди.

Ушбу хулоса ва тегишли ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида 2018 йил 25 сентябрда кўриб чиқилиб, суд ажримига биноан М.Мажитов Ўзбекистон Республикаси  Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан реабилитация қилинди ва тўлиқ оқланди.

Фуқаро А.Абдуллаеванинг шикояти юзасидан амалга оширилган текширишларда унинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгиланган мулк ҳуқуқи бузилганлиги аниқланган. Бу иш  2018 йил 11 январда Ўзбекистон Олий судида назорат тартибида кўриб чиқилиб, кассация инстанциясининг 2017 йил 23 мартдаги ажрими бекор қилинган ва иш янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилган.

Фуқаро А.Абдуллаеванинг иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида 2018 йил 13 мартда кўрилиб, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Кўҳинур кўчаси 1а-уйдаги унга тегишли 15-хонадонни давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги суд ҳукмининг шу қисми бекор қилинган ва хонадон ўз эгасига қайтарилиши ҳақида ажрим чиқарилган.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи фуқаро Ш.Шадманов Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судини ундан 7.385.967 сўм ундириш тўғрисидаги суд буйруғидан норозилиги тўғрисида мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига киритилган таклифга биноан 2018 йил 19 июнда суд буйруғи бекор қилинган ва фуқаро Ш.Шадмановнинг ҳуқуқлари тикланган.

Тошкент шаҳар, Олмазор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Ахмедовнинг суд ҳукмига биноан оқланганлиги сабабли унга етказилган моддий зарар молия идоралари томонидан тўлаб берилмаётганлиги, давлат ижрочилари эса ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинган. Молия вазирлиги томонидан фуқаро Н.Ахмедовга суд қарорига биноан белгиланган 102.482.779 сўм моддий зарар тўлиқ қоплаб берилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими фуқароларнинг мурожаатлари асосида уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун кўпинча  сабот билан кураш олиб боришларига тўғри келади.

 

Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech