Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаcи учун эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган.
Лойиҳада Стратегияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар қуйидагилардан иборат:
- шахсий ва сиёсий ҳуқуқларга оид халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилиши юзасидан давлат органлари ва мансабдор шасхларнинг маъсулиятини ошириш;
- халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг қўлланилиши, халқаро ҳуқуқ устуворлиги принципини амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш;
- инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, суднинг одил ва ташқи таъсирлардан мустақил бўлган қарорлари қабул қилинишини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш;
- суд жараёнларида тенглик ва тортишувлилик тамойилларини тўла амалга ошириш, адвокатликни аҳолининг ишончини қозонадиган, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш;
- фуқароларни тенгсизликнинг кўринишларидан ҳамда аҳолининг заиф қатлами вакилларини камситилишдан ҳимоя қилишни таъминлаш;
- халқаро мажбуриятлардан келиб чиқиб прописка тизимини ислоҳ қилиш, мамлакат ҳудудида фуқароларнинг бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва турар жойни эркин танлаш ҳуқуқини таъминлаш;
- инсоннинг шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш механизмини такомиллаштириш;
- Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили ва маданиятини ривожлантириш учун барча шароитларни таъминлаш механизмини такомиллаштириш;
- бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, вояга етмаган болаларга нисбатан одил судлов институтини жорий этиш, боланинг манфаатларини энг яхши таъминлаш принципларини амалиётга янада самаралироқ жорий этиш;
- жиноят процессида гувоҳларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш;
- одам савдосига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, қаровсиз қолган болаларни, болалар ва аёлларнинг фоҳишабозлиги ва порнографиясининг сабаблари ва шароитларини аниқлашга комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш, жабрдийдаларни реабилитация қилиш механизмини такомиллаштириш;
- ювенал адлия тизимини жорий этиш, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар қоидаларини имплементация қилиш ва мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш;
- аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, сайлов маданиятини ошириш, адолатли ва эркин сайловларга оид халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид халқаро стандартларни таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий шикоятлари институтини жорий этишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг роли ва ўрнини ошириш;
- давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим вазифаларини ҳал этишда, шунингдек ижроия ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда парламент ваколатларини янада кенгайтириш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш;
- жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш;
- тўлақонли фуқаролик ва ахборот (рақамли) жамиятининг мавжудлиги ва ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири сифатида маълумотлар олиш имкониятларини ҳамда фикрни эркин изҳор этишни таъминлаш;
- фуқаролик жамияти институтларини молиялаш воситалари ва механизмларини такомиллаштириш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.02.2020
- Кўришлар: 5900
- Чоп этиш