Бугунги кунда Ўзбекистон “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда.
Хусусан, бу жараёнда юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Марғилон шаҳрининг Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернатида ташкил этилган ижодий учрашувда шу ҳақда сўз борди. Тадбир Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланди.
Халқаро ҳамжамият ушбу муҳим санани 2019 йил 20 ноябрда нишонлайди. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Бош Ассамблея томонидан 1989 йили қабул қилинган ва 1990 йили кучга кирган. Дунёдаги 196 та давлат, шу жумладан, БМТ аъзоси бўлмаган Ватикан каби давлатлар ҳам мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарорига асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бажариш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Дастур ижроси доирасида, давлат ва нодавлат тузилмаларда мавжуд салоҳият ва ресурслардан фойдаланган ҳолда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормалари аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда.
Айниқса, бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ҳақида жойлардаги болалар манфаатлари йўлида ишлаётган тегишли давлат ва жамоат тузилмаларини мақсадли, комплекс ва тизимли хабардор қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эркин Воҳидов номидаги мактаб-интернат Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган амалий ишларнинг ўзига хос кўзгусидир. Мазкур мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Муассасанинг моддий-техник базаси замонавий талаблар асосида мустаҳкамланган. Бу ерда ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали мавжуд бўлиб, улар зарур ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминланган.
Мактаб-интернатда бўлиб ўтган учрашувда ўқувчилар Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов шеърларидан ва ўз ижодларидан намуналар ўқиб беришди. Назм – навога, куй қўшиқларга уланди.
Марказ вакиллари Эркин Воҳидов мемориал музейида ҳам бўлдилар.
Маълумот учун: Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғи бунёд этилиб, Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилган. Боғда улуғ шоирнинг мемориал музейи ишлаб турибди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилган.
Мактаб-интернат директори Нигора Маннопованинг қайд этишича, мазкур таълим муассасасини ташкил этишдан мақсад, бир томондан, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш бўлса, иккинчи томондан, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шароитлар яратишдир. Шу мақсадда илк ўқув йилида 5−8-синфларга 150 нафар истеъдодли ўқувчи қабул қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.11.2019
- Кўришлар: 5537
- Чоп этиш