18 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев сўзга чиқди. Ялпи мажлис иштирокчилари Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”ги Қонун лойиҳаси мазмуни билан таништирилди.
Таъкидланганидек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Конвенция билан бир пайтда унга Факультатив протокол қабул қилинган. 2021 йил февраль ҳолатига кўра Конвенцияда 182 давлат иштирок этмоқда. Конвенция 50 та моддадан иборат. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини 2009 йил 27 февралда имзолаган.
Конвенция дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизи (глобал аҳоли сони баҳоланишига мувофиқ) ногиронликнинг қандайдир шакллари билан яшайди.
Конвенция инсонларнинг турли-туманлиги ва қадр-қиммати принципларини ўзида мужассамлаштирган. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
Конвенциянинг 4-моддаси ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур қонунчилик, маъмурий ва бошқа чораларни кўриш, ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича умумий мажбуриятларни белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши тўғрисидаги масала Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида назарда тутилган.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қўллаб- қувватланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.05.2021
- Кўришлар: 4214
- Чоп этиш