Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида “Миллий қонунчиликнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқлаштирилиши ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.
— Мазкур қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар ва “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга давлат томонидан тақдим этилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлашларни қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда, — дейди депутат Севара Убайдуллаева. — Қонун лойиҳаси билан ногиронлиги бўлган шахслар ва “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилмоқда. Бу имтиёзларни белгилашда 1-, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ер, мол-мулк солиқларида проактив шаклда тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган ёки уларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ҳам солиқ имтиёзлари белгиланмоқда. Бунда юридик шахсларга ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш, ЯТТга эса ҳисобламаслик таклиф этиляпти. Камида 4 нафар ногиронлиги бўлган шахсни ишга олган юридик шахслар мол-мулк солиғини тўлашдан ҳам озод этилади.
Шунингдек, шахсни ногиронлик белгиларига кўра камситганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Лойиҳадаги нормалар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун белгиланган имтиёзларни қонун даражасида мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди депутат.
Фракциялар йиғилишларида қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
