Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон БРМга эришишда ижобий натижа кўрсатган бешта давлат қаторига кирди

Шу кунларда юртимизда “Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги” ўтказилмоқда. Бундан асосий мақсад аҳолида БРМ ғояларига бўлган дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини кенг намоён этиш ҳамда умумий мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.

“Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги” доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Муносиб меҳнат ва самарали бандликни таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида мулоқот ўтказилди.

Унда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини миллий даражада амалга ошириш, ҳудудларда кам таъминланган аҳоли сонини қисқартириш, шунингдек, аҳолини муносиб меҳнат ва самарали бандлик билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самарадорлиги муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳоли даромад манбаларини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада 11 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,2 фоизгача пасайтирилди.

Сўнгги 5 йилда 1 миллион нафар ишсиз аҳоли замонавий касбларга ўқитилиб, юқори даромадли ишга жойлаштирилди. Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, 2025 йилда 1 миллион 700 минг нафар аёл даромадли меҳнатга жалб этилди.

Амалга оширилаётган ишлар самарасида Ўзбекистон сўнгги 10 йилда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида энг катта ижобий натижаларга эришган бешта давлат қаторига кирди.

Мулоқотда ишсизликни қисқартириш, меҳнат миграцияси соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш, айрим кўрсаткичларга эришиш суръатлари бўйича ҳудудлар кесимидаги тафовутлар ҳамда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида қатор таклифлар илгари сурилди.

М.Комилова, ЎзА

Nashr sanasi 13.08.2026 Ko'rishlar 113
Ulashish