Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон глобал сув инқирози шароитида ўз тажрибасини тақдим этди

Швециянинг Стокгольм шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон сув ҳафталиги — World Water Week 2026 доирасида Ўзбекистоннинг сув танқислигини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва минтақавий сув дипломатиясини ривожлантириш бўйича тажрибаси халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди.

«Янги сув кун тартиби: глобал сув банкротлиги даврига кириш» сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев маъруза билан иштирок этди.

У Ўзбекистон дунёда сув танқислиги юқори бўлган минтақалардан бирида жойлашганига қарамай, сўнгги йилларда кўрилган чоралар салбий тенденцияларни ўзгартириш мумкинлигини кўрсатаётганини таъкидлади.

Хусусан, 2026 йилда Ўзбекистон, Хитой, Сан-Томе ва Принсипи БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-кўрсаткичи бўйича сезиларли ютуқларга эришган давлатлар сифатида эътироф этилди. Ўзбекистонда сув стресси кўрсаткичи 2017 йилдаги 169 фоиздан 2022 йилда 122 фоизгача пасайган. 2030 йилга бориб уни 95 фоизга тушириш мақсад қилинган.

Сув тежовчи технологияларни жорий этишда ҳам катта ўсиш қайд этилган. 2017 йилда бундай технологиялар суғориладиган ерларнинг 1 фоиздан ҳам кам қисмини қамраб олган бўлса, бугун улар 2,6 миллион гектар — суғориладиган майдонларнинг 60 фоиздан ортиғида қўлланилмоқда.

Амалга оширилаётган чоралар ҳисобига ҳозирнинг ўзида йилига 11 миллиард куб метр сув тежалмоқда. 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 15 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган.

Бутунжаҳон сув ҳафталигининг «БМТнинг 2026 йилги Сув конференцияси: келажак барпо этиладиган макон» сессиясида ҳам Тимур Бутунбаев Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Сув масаласи мамлакатда комплекс бошқарув, барқарор молиялаштириш, замонавий технологиялар, рақамлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлашни бирлаштирган стратегик устувор йўналишга айлангани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақавий сув ҳамкорлиги ва сув дипломатиясини ривожлантириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлари халқаро майдонда тақдим этилди.

 

Rasmiy axborot

Nashr sanasi 26.08.2026 Ko'rishlar 65
Ulashish