"Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак"
(Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригидан иқтибослар)
«Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва домлаларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз».
*
«Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир».
*
«…дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади. Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтардик».
*
«Бугунги кунда сизларнинг, бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда. Буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаблари”, Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари айни шу мақсадга хизмат қилади».
*
«Албатта, ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкин. Лекин фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган муаллим ва ўқитувчиларни тайёрлаш – бу энг оғир вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади».
*
«Шу маънода, бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни, ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак».
*
«Энг муҳими, ўқитувчи чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади».
*
«Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз».
*
«Мактабларда хорижий тилларни, ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишни такомиллаштириш, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш, ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга оширишимиз лозим».
*
«Профессионал таълим соҳасида бугунги меҳнат бозори ва халқаро стандартларга тўла мос келадиган бутунлай янги тизимга ўтишни жадаллаштиришимиз керак».
*
«Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган “Замонавий мактаб” давлат дастурини амалга ошириш доимий эътиборимиз марказида бўлади».
*
«Барчамизга аёнки, бугунги кунда ён-атрофимизда ёшларнинг қалби ва онгини заҳарлаб, уларни тўғри йўлдан оғдиришга қаратилган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бундай мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида барчамиз биргаликда курашмоғимиз, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашимиз зарур».
*
«Айниқса, бу вазифа барча бўғиндаги раҳбарлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, ижодкор зиёлиларимиз, диний уламолар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, бутун жамиятимиз учун виждон ишига айланиши керак».
*
«Бугун таълим-тарбия соҳасида, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийларимиз, фарзандларимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Бу даврни янада чуқур маъно-мазмун билан тўлдириб, миллий юксалишга эришиш фақат ва фақат ўзимизга, шу йўлда ҳамжиҳатлик билан қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ».
*
«Биз халқимизнинг энг катта бойлигини – миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз. Ва бу вазифани масъулият билан адо этиб келаётган сизлар каби фидойи инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди».
- Қўшилди: 01.10.2019
- Кўришлар: 6603
- Чоп этиш