Ўзбекистон “Коррупцияни қабул қилиш” индексида 121-ўринни эгаллаган
9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Коррупцияга қарши курашишда парламент назоратини кучайтириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш борасида амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани таъкидланди. Бу борадаги чоралар натижасида 2024 йил учун “Transparency International” ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш” индекси янги рейтингида мамлакатимиз 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллаб, бу кўрсаткич сўнгги етти йилда 37 поғонага юқорилади.

Коррупцияга қарши курашишда парламент ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Қайд этилганидек, ўтган даврда бу борада аҳоли билан учрашувлар давомида маиший коррупциянинг асосий нуқталари, тўсиқ ва сабаблари таҳлил қилинди.
Соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги, кадастр, банк ва солиқ тизимидаги коррупциявий омиллар ўрганилди. Бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, қиммат шартномалар ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига оид таҳлиллар ўтказилди.

Ўрганишлар якунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлисларида муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан прокурорлар ва ички ишлар органлари, тегишли ташкилотларга тавсиялар бериб келинмоқда.
Муҳокамаларда бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари ҳамон сақланиб қолаётгани айтилди.

Шунингдек, парламентга киритилган ҳар бир қонун лойиҳасини унинг келгусида коррупциявий омиллар келтириб чиқармаслиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиб бориш ва аниқланган коррупцияга шароит яратиб берувчи нормаларни чиқариб ташлаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциоген нормалар мавжуд эмаслигини аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокамаларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва бошқа бир қатор таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский