«Ўзбекистон Республикасида одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари”

2021 йил 26 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари офиси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 Давра суҳабатидан кўзланган мақсад – соҳадаги илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш ва мавжуд муаммоларни таҳлил этишдан иборат бўлди. Бундай ёндашув Ўзбекистон ҳудудида миллий озчиликлар ўртасидаги муносабатларни такомиллаштириш орқали одил судловдан тенг фойдаланилиши масалалари бўйича тадбир иштирокчиларининг малакасини ошириш ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқий асослар билан яқиндан танишиш имкониятини берди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссариатининг Одил судлов ва миллий озчиликларга доир Грац тавсиялари ўзида муайян ижобий тажрибани мужассам этган бўлиб, бу тажриба Ўзбекистон давлат органлари вакиллари учун қизиқарли экани табиийдир. Ҳужжатда судга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий муассасаларга мурожаат қилиш билан боғлиқ масалалар ўз аксини топган.

Грац тавсияларида миллий озчиликлар ёки этник ҳамжамиятларнинг одил судловдан фойдаланишига доир масалалар бўйича, сиёсий талабларни имкон қадар ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқилган амалий ёндашувлар тақдим этилган. Мазкур ҳужжат давлатларни, миллий озчиликларга нисбатан тангликни камайтириш ҳисобига, одил судловдан фойдаланилишини таъминлаш сиёсатини амалга оширишга чақиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, агар мамлакатимиздаги барча этник гуруҳларнинг одил судлов тизимига нисбатан ишончини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашни истар эканмиз, айниқса, судьялар ўз вазифаларини адо этиш асносида адолатга нақадар амал қилишларини яққол намоён этишлари зарурлигини таъкидлади. Ҳар биримизнинг ана шундай алоҳида саъй-ҳаракатларимиз, ўз навбатида, одил судлов тизимига нисбатан ишончни шакллантириши мумкин.

Давра суҳбатида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Элчи Кайрат Абдрахманов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси – Элчи, доктор Пьер фон Аркс ҳам сўзга чиқди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, Грац тавсияларининг Тошкентдаги ушбу тақдимоти Ўзбекистон давлат органлари вакиллари билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссарига этник ҳамжамиятларнинг барча вакиллари одил судловдан фойдалана олишини қай тарзда таъминлаш мумкинлигига доир долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини беради.

Бу масалалар, жумладан, қонун устуворлиги, камситишга йўл қўймаслик ва тенгликни, шу жумладан гендер тенгликни таъминлаш принципларини, мустақил одил судлов органи томонидан оқилона муддатларда адолатли равишда муҳокама қилиниш ҳуқуқи ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини ўз ичига олган.

 Анжуманнинг биринчи сессиясида халқаро экспертлар томонидан Грац тавсияларининг асосий принциплари тўғрисидаги муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссарининг одил судловдан фойдаланилишини яхшилаш борасидаги тажрибаси ўрганилди. Иштирокчилар Марказий Осиё минтақаси ва минтақадан ташқаридаги ҳудудларда истиқомат қиладиган миллий озчиликлар ҳақида зарур ахборотларга эга бўлдилар.

Иккинчи сессия ишида миллий экспертлар, хусусан, судларда миллий озчиликлар вакилларига дахлдор ишларнинг кўриб чиқилиши, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда этник ҳамжамиятлар ўз  вакилликларига эга бўлиши каби масалаларни муҳокама қилдилар. Судларда ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда ҳаммага тўлиқ тенг имкониятлар яратилишини рағбатлантириш стратегияси хусусида ҳам сўз юритилди.

Давра суҳбатида халқаро экспертлар, вазирликлар ва давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги Делегацияси,  БМТТДнинг пойтахтимиздаги офиси вакиллари ҳамда Швеция Қироллигининг Ўзбекистондаги Элчиси иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech