Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор жазоланди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Н.Жумаева томонидан оила ва хотин-қизлар фаолларига пахта теримига теримчиларни жалб қилиш бўйича топшириқ берилгани тасдиқланди.

Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳоким ўринбосарининг теримчиларни жалб қилиш ҳақида фаолларга топшириқ бераётган видеоси тарқалган ва жамоатчиликда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Вазирлик маълумотига кўра, шундай қонунбузарлик ҳолати Бухоро шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н.Аминова томонидан ҳам содир этилган.

Пахта йиғим-терими мавсумида Давлат меҳнат инспекцияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мунтазам мониторинг олиб бормоқда.

Мавсум давомида 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланди. Қонунбузар мансабдор шахсларга МЖтКнинг 49-модда 1-қисмига асосан маъмурий жарималар қўлланилди.

Шунингдек, 8 нафар мансабдор шахс МЖтКнинг 51-модда 1-қисмига мувофиқ жазога тортилди.

"1 400 нафардан ортиқ теримчи билан мавсумий меҳнат шартномалари тузишда ёрдам кўрсатилди", — дейилади хабарда.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech