14 февраль куни пойтахтимиздаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида шу мавзуда халқаро форум бўлиб ўтди. Мазкур анжуман «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро форумда давлат бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари, ёшлар, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари қатнашди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳам иштирок этди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази Ижрочи директори Элдор Туляков ўз кириш сўзида Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан жадал тараққий этаётган, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётган, энг асосийси, аҳолининг ҳаёт даражаси изчил юксалаётган мамлакат сифатида эътироф этилаётганини қайд этди.
Халқаро форум ўз ишини Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши кесимида давом эттирди. Маърузчилар ўз тақдимотларида тегишли вазирлик, идора ва давлат органлари тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беришди.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги 3 йилда парламент ва сиёсий партияларнинг роли янада кучайтирилди. Олий Мажлис палаталари фаолиятида энг муҳим ўзгариш – бу Парламент, шунингдек, депутат ва сенаторларнинг фақат киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланмасдан, бевосита жойларга бориб, халқнинг турмуш даражасидан хабар олиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда фаол иштирок этишлари бўлди.
Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар икки палатада Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар тузилди. Халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги 2018 йилда 37 турдаги давлат хизматларини кўрсатган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 130 тага етди.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналиши сифатида Олий суд фаолияти такомиллаштирилди, иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этилди. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органларининг аҳоли олдида мунтазам ҳисобот бериш тизими жорий этилди.
Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишида валюта бозори либераллаштирилмоқда, божхона тўловлари ставкалари икки бараварга камайтирилди. Янги солиқ концепцияси амалиётга жорий этилди ва изчил солиқ ислоҳотлари амалга оширилди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тагача қисқартирилди ва жисмоний шахсларнинг даромадларига олинадиган солиқ ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.
Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўйича мамлакатнинг туристик салоҳияти сезиларли даражада ошгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, юртимизга 2019 йилда 6,7 млн нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва бу 2016 йилга нисбатан 4,7 млнга кўпдир.
Таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови 52 фоизга етган. 2019 йилда 4 та Президент мактаби ва 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълим муассасаларига қабул миқдори 146 минг 500 нафарга етди.
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз позициясини билдириш имконияти кенгайди.
2018 йил 12 декабрда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани аҳамиятлидир.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган халқаро форумда ҳар бир маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар бўлди.
Форум доирасида «Тараққиёт стратегияси» марказининг 3 йиллик мониторинг, таҳлил ва давлат дастурлари ижроси бўйича кенг жамоатчиликни хабардор этиш бўйича фаолияти ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан тайёрланган «Ҳаракатлар стратегияси билан 3 йил: кутилган натижалар, юқори самарадорлик ва юксак марралар» номли рисола тақдимоти бўлиб ўтди.
О.Аҳмадов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Халқаро
ҳамкорлик бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 16.02.2020
- Кўришлар: 4462
- Чоп этиш