7 февраль куни Республика Маънавият ва маърифат марказида “Президент Мурожаатномаси – миллий юксалиш дастури” мавзуида ўтказилган маърифий анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, шунингдек турли вазирликлар, ташкилот ва идоралар, олий ўқув юртлари вакиллари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳамда Тошкент шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномаси давлатимизнинг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегиясини белгилаб берган муҳим дастурий ҳужжатдир. Унда 2019 йилда эришилган ютуқлар сарҳисоби билан бир қаторда 2020 йилда бажарилиши кўзда тутилган устувор вазифалар ҳам аниқ баён этилган.
Ушбу вазифаларнинг ижроси ва самарадорлиги кўп жиҳатдан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, шу орқали ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш билан узвий алоқадор.
Президент Мурожаатномаси – миллий тикланишдан миллий юксалишга қадам қўйган халқимизни чинакам маънода юксалиш пиллапоялари сари етакловчи дастурил амалдир. Унинг мазмун-моҳиятини ҳар бир юртдошимизнинг қалбига етказишимиз, инсонларни фақатгина кузатувчи эмас, балки мана шу жараёнларнинг, ислоҳотларнинг фаол бунёдкорига айлантиришимиз керак.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз”.
Тадбирда Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар атрофлича таҳлил қилинди, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири
- Қўшилди: 09.02.2020
- Кўришлар: 4943
- Чоп этиш