Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тошкентда ўтган 6-семинари иштирокчилари 8 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ва Регистон ансамбли билан танишдилар.
– Ўзбекистонда муқаддас зиёратгоҳлар, масжидларни обод этиш, Тошкентдаги “Усмон мусҳафи” ёки Самарқанддаги “Саҳиҳи Бухорий” каби нодир қўлёзмаларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор, – дейди ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси, Сенегал вакили Чеикҳ Тидиане Тҳиам. – Бу ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Бугун энг катта орзуларимдан бири ушалди. Муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш насиб этди. Шунингдек, азим ва навқирон Самарқанд шаҳрининг гўзаллигидан, Регистон таровати-ю, Амир Темур мақбарасининг ўзига хос миллий архитектурасидан лол қолдим. Насиб этса, Ўзбекистонга яна келишни ният қилдим.
Мўътабар меҳмонлар Марказий Осиёда ягона бўлган Ҳадис илми мактаби билан танишув чоғида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эзгулик ва инсонпарварлик дини бўлмиш исломнинг асл моҳиятини ёш авлодга ўргатиш, уларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби улуғ алломаларимизнинг муносиб давомчиси бўладиган муҳаддисларни камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Бу мактабда сабоқ олаётган ёшларнинг зеҳни, илми, одоби меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Имом Бухорий мақбараси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ёнма-ён жойлашгани эътиборимни тортди, – дейди ИҲТга аъзо Марокаш давлати вакили Ал Саид Али Захаби. – Ҳадис илми мактабида таълим-тарбия олаётган ёшлар тадқиқот марказида изланишларини давом эттиришлари, биз томоша қилган Марказ музейидаги нодир қўлёзмаларни ўрганишлари ва албатта, буюк муҳаддис Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, руҳий, маънавий қувват олишлари мумкин. Бу мактаб тарбияланувчилари динимиз ривожига, уни турли таҳдидлардан асрашга ҳисса қўшишларига ишонаман.
– Комиссиямизнинг Тошкент шаҳрида ўтказилган 6-семинарига жуда катта тайёргарлик кўрилгани ва анжуман юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзоси, Озарбайжон вакили Айдин Сафиханли. – Тадбир доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, таълим масканларига уюштирилган саёҳатлар бизда улкан таассурот қолдирди. Айниқса, ер юзининг сайқали, шарқ жавоҳири Самарқанд шаҳрини, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш имконияти яратилганидан бениҳоя хурсандмиз. Халқаро семинар доирасида ташкил этилган Самарқанд сафари ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлиб қолади. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари мангу ором топган муқаддас масканнинг улуғвор салобатидан, ободлигидан ҳайратга тушдик.
– Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган мамлакатингиз нафақат кўркам тарихий меъморий обидалари билан, балки зеҳнли ва билимли ёшлари билан ҳам бизни лол қолдирди, – дейди ИҲТга аъзо давлат бўлмиш Гамбия Республикаси Адлия вазирлиги вакили Фатоу Нжие. – Ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини эшитиб, Ўзбекистонда улуғ аждодларига муносиб авлодлар камол топаётганига амин бўлдик. Ёшлар – бу келажак дегани. Демак, Ўзбекистоннинг келажаги муносиб қўлларда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.10.2019
- Кўришлар: 6169
- Чоп этиш