*
Машҳур юнон табиби Гиппократнинг “Табобат барча илму санъатлар ичида энг буюк илм ва санъатдир”, деган сўзлари машаққатли ва эзгу фаолиятингизга берилган ҳаққоний баҳодир.
*
Ўз аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш – ҳар қайси давлат ва жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга долзарб масала саналади.
*
Юртимиз ҳудудида қадимдан кўплаб шифо масканлари, тиббий мадрасалар фаолият юритгани, Абу Али ибн Сино каби мутафаккир боболаримиз яратган бебаҳо асарлар, уларнинг дори-дармон тайёрлаш ва даволаш усуллари бутун жаҳонда машҳур бўлгани аждодларимизнинг бу соҳа ривожига қандай катта эътибор қаратганидан далолат беради.
*
Мамлакатимизда туб янгиланишларни аввало ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдан бошлаганимиз бежиз эмас.
Чунки тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодирлигини ҳаммамиз яхши англаймиз.
*
Ўтган даврда соғлиқни сақлаш тизимида эришилган ижобий натижалар билан бирга, ечимини кутаётган камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли кейинги уч йил давомида юртимизда фуқаролар мурожаатлари, фикр-мулоҳаза ва таклифлари атрофлича ўрганилиб, тиббиёт тармоғини чуқур ислоҳ қилиш бўйича 170 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
*
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон асосида 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда тегишли дастур тасдиқланди.
*
Буларнинг барчаси бирламчи тиббий санитария ҳамда шошилинч ва тез ёрдам бўғинидан тортиб, юқори тузилмаларигача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини халқаро мезонлар даражасига етказиш борасида янги имкониятлар яратиб бермоқда.
*
Маълумки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш оила учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдалидир. Шу боис мамлакатимизда профилактик тиббиёт ривожига устувор аҳамият қаратилмоқда.
*
Айни пайтда тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни яхшилаш мақсадида юртимизда 817 та қишлоқ врачлик пункти, 798 та қишлоқ ва 178 та шаҳар оилавий поликлиникаларида аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, ижтимоий дорихоналар, куну тун ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилди ҳамда 5 та тор соҳа мутахассисларининг фаолияти йўлга қўйилди.
*
Жисмоний шахслар энг кўп мурожаат қиладиган шошилинч ва тез ёрдам йўналишида марказлашган яхлит тизим яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг сони 818 тадан 1666 тага етказилди ва улар аҳоли яшайдиган ҳудудларга яқинлаштирилди. Автотранспорт паркини янгилаш учун 1500 дан ортиқ “Тез ёрдам” машиналари харид қилинди.
*
Яна бир асосий йўналиш – репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларимиздаги болалар даволаш муассасаларида илгари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби янги бўлимларда мураккаб даволаш амалиётлари ўтказилмоқда.
Бундай улуғвор ўзгаришлар юртимизда хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлаш, оналар ва гўдаклар ўлимининг кескин камайишида муҳим омил бўлмоқда.
*
Шунингдек, патронаж хизмати мутлақо янгича асосда йўлга қўйилди. Айниқса, ёлғиз, кекса, ногиронлиги бўлган, сурункали касалликларга чалинган шахсларни, бўлажак оналар ва болаларни патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш борасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир шахснинг саломатлигини пухта ўрганишлари туфайли касалликларнинг олдини олиш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
*
Кейинги вақтда жойларда қўшимча муассасалар барпо этилиши ҳисобига аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, травматология ва ортопедия, нейрохирургия каби йўналишларга ихтисослашган марказлар сони 16 тага етказилди. Ҳудудларда 310 та ихтисослашган бўлимлар, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та филиали очилди.
*
Нафақат пойтахтимиз, балки Наманган, Хоразм, Фарғона, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоятларда кардиожарроҳликка оид энг мураккаб амалиётлар, етакчи марказларимизда буйрак ва жигар, ўзак ҳужайра трансплантациялари муваффақиятли бажарилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
*
Тармоқда хусусий сектор улушини ошириш, давлат-хусусий шериклик ҳамда институционал ва ҳуқуқий механизмларнинг яратилиши, уларга кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида бу йўналишдаги шифохоналар сони 5300 дан ошди.
*
Шунингдек, қисқа вақт ичида АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий хусусий клиникалар иш бошлади.
*
Айни пайтда мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим даргоҳи ва уларнинг 4 та филиали, шунингдек, хориждаги нуфузли тиббий-илмий муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган 22 та халқаро факультет соҳага малакали ва етук мутахассисларни етиштириб бермоқда.
*
Республикамиз фармацевтика саноати ҳам изчил ривожланиб, арзон ва сифатли дори воситаларини кафолатланган тарзда етказиб бериш, уларга нарх белгилашнинг таъсирчан шакллари ишлаб чиқилмоқда.
*
Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилиши ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 12,1 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилларга қараганда 1,6 баробар кўп демакдир. Дори-дармонлар ва тиббий буюмлар харид қилиш ҳамда тиббиёт объектларини қуриш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам 3 баробарга ортди.
*
Сўнгги уч йилда 1300 дан ортиқ даволаш муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, улар 2019 йилнинг ўзида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий ва юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
*
Давлатимиз томонидан шифокорларнинг залворли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга жиддий ёндашилмоқда. Бу каби ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади.
(Президент Шавкат Мирзиёевнинг
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига табригидан)
- Қўшилди: 11.11.2019
- Кўришлар: 5611
- Чоп этиш