Суд ислоҳотлари – инсон қадрини улуғлашга қаратилган қадамлар
Ривожланиш йўлидан жадал одимлаётган, тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга интилаётган Ўзбекистонда барча соҳалар қатори судлов тизими ҳам самарали ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, суд тизимининг қонунчилик базасини такомиллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, суд органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади.
Судлар фаолиятига замонавий ахборот воситаларини жорий этиш ва ушбу технологиялардан самарали фойдаланиш мамлакатимиз суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида иш юритиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кўрсатиладиган интер фаол хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги даражасини ошириш ҳамда ишда замонавий компьютер техникаси ва АКТдан фойдаланиш амалий кўникмасини такомиллаштириш, суд тизимида ахборот хавфсизлиги ҳамда ҳужжатлар хавфсиз айланишини таъминлашда муҳим омилдир.
Судлов тизимини ахборотлаштириш нафақат суд органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, балки Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган одил судловнинг ошкоралиги ва ҳамма учун очиқлиги тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар очиқлиги ва мазкур ахборотлардан кенг фойдаланишни таъминлаш, аҳолининг судга ишончини ошириш ҳамда тизимни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ҳуқуқий давлат – қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мустақиллиги билан белгиланади. Суд ислоҳоти ҳуқуқий давлатнинг муҳим механизми ҳисобланади. Зеро, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва бошқа қонунлар, халқаро шартномалар, шунингдек инсоннинг халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқи ва эркинлиги, давлат ва жамоат манфаати, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган бошқа манфаатларни ҳимоя қилишдан иборат.
Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан судлар фаолиятида замонавий технологиядан фойдаланиш ҳолатини танқидий ўрганиш ҳамда фаолият самарадорлиги, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ахборот тизими ва ресурсини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлаш вазифаси белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг ўша йил 19 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорида Марказ функцияларидан бири сифатида судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялари, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланган.
Бу борада 2017 йил 7 февралда Президентнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ушбу ислоҳотларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Стратегияда белгиланган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг олти устувор йўналишидан биринчиси суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришдир. Айни йўналишда белгиланган чора-тадбирлар орасида судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш муҳим ўрин тутади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 65-бандида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, хусусан судьяларга ишни автоматик равишда тақсимлаш тартибини жорий қилиш, вақтида электрон тарзда ахборот алмашинувини таъминловчи корпоратив алоқа жорий этиш, суд фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тизимини киритиш, суд қарорлари ахборот-ҳуқуқий электрон базасини юритиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчилари розилиги билан барча суд қарорларини чоп этиш тартибини жорий қилиш (ёпиқ суд жараёнида кўриб чиқилганларидан ташқари) каби чора-тадбирлар белгиланган.
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг қуйидаги вазифалари белгиланган:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интер фаол электрон хизмат турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёни онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биносида интер фаол хизматдан эркин фойдаланиш имконини яратиш;
одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумот тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумот алмашинувини янада кенгайтириш;
махсус ахборот дастурлари жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имконини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича томонлар учун суд қарорини онлайн тарзда олиш имконини яратиш;
суднинг ахборот тизими, маълумот базаси ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва кибер хавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахбороти ва маълумотини комплекс ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш.
Президентнинг юқоридаги Қарори билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланган. Дастурда 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисини иш бўйича томонлар илтимосномаси ва раислик қилувчи розилиги билан аудио ёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомасини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш; апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш; барча иштирокчиларни суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида SMS хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш; суд қарорини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш; суд ҳокимияти органлари фаолиятида, жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интер фаол хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш; суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш; судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси”да судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш асосий вазифалар этиб белгиланган. Ҳужжатнинг 3.7.-бандида судларга ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш; фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш ва суд қарорини таҳлил қилиш йўналишига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш чораларини кўриш назарда тутилган.
Ўзбекистонда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ретроспектив таҳлили ва ҳуқуқий асосларини ўрганиш натижасида шундай хулосага келиш мумкинки, босқичма-босқич, тизимли давом эттирилаётган мазкур жараён ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида шаклланган. Айниқса, сўнгги ўн йилликда суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида электрон ахборот тизимлари, видеоконференцалоқа ва суд жараёнини рақамлаштирилиши амалиётга жорий этилди.
Хусусан, “Электрон суд”, “Ишончли ҳимоя”, “E-Sud” ахборот тизимлари каби лойиҳалар жорий қилиниши билан жараёнда иштирок этувчи томонлар учун қулайлик яратилиб, мурожаат қилиш, ҳужжат алмашиш, масофадан иштирок этиш имконияти кенгайди. Шу билан бирга иқтисодий судлар амалиётида ҳам видеоконференцалоқа воситасидан фойдаланиш, электрон далилларни қабул қилиш ва таҳлил қилиш амалиёти босқичма-босқич ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида соҳани рақамлаштириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Фармонда суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект ва ахборот технологияларини кенгроқ жорий этиш назарда тутилган.
Ушбу замонвий технологиялар бюрократик тўсиқларни камайтириш, сунъий интеллектга асосланган тизим ёрдамида аризаларни электрон тарзда қабул қилиш, ҳужжатларни автоматлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ва суд қарорлари шаффофлигини таъминлаш имконини беради. Иш юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепциясига мувофиқ иш юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Рақамли имкониятни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил қилинади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интер фаол электрон хизмат турлари оширилмоқда.
Сунъий интеллект ёрдамида суд харажатини ҳисоблаш имконияти яратилади. Суд томонидан тақиқланган манба ва контентлар электрон реестри юритилади.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек айни йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Олий суд ахборот тизими негизида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади. Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқот ўтказиш, шунингдек судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш йўлга қўйилади.
“Рақамли суд” концепцияси асосида судга ариза беришдан олдин фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажат ҳисобини чиқариш йўлга қўйилади. Мурожаатлар судга фақат электрон шаклда юборилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади.
Томонлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади.
Фармон билан 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланган.
Ҳужжатда сунъий интеллект ёрдамида фуқаро, адвокат, юрист ва судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Бундан ташқари суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури яратилади. “my.sud.uz” интер фаол хизмат порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади. Бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи яратиш, ҳуқуқий мурожаатга жавоб бериш ҳамда суд маълумотини автоматик етказиш, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотини фуқароларга Ягона интер фаол давлат хизмати портали орқали олиш имкони яратилади. Фуқароларга одил судловга эришишда қулай имконият яратиш мақсадида 5 та янги интер фаол хизмат йўлга қўйилади.
Ўзбекистонда суд фаолиятини рақамлаштириш жараёни миллий қонунчиликка ва халқаро ҳуқуқий стандарта мос равишда амалга оширилмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши суд иши юритувининг тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.
Шу билан бирга видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш ҳуқуқини қонунан кафолатлаш, хусусан суд муҳокамаларида техник имкониятни таъминлаш бўйича аниқ тартиб ишлаб чиқиш, суд жараёнида шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва техник механизмини мустаҳкамлаш, судьялар ва суд ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш бўйича мунтазам малака ошириш курслари ташкил этиш, аҳолининг онлайн суд хизматидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Ж.Балкибаева, К.Давлетова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди судьялари
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский